Қундуз ичкарисида қолган аҳоли аҳволидан хавотирлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Жанглар ҳамон давом этмоқда

Инсон ҳақлари ташкилотлари Толибон ва ҳукумат кучлари ўртасидаги қақшатқич жангларга саҳна бўлаётган Қундуз шаҳри ичкарисида қолган инсонлар ҳаётидан хавотир билдиришган.

Ҳукумат Толибонга қарши жиддий айбловлар билан чиққан. Толиблар Қундузда жинсий зўрлаш ва оммавий қатлларни амалга оширганликда айбланмоқда. Маълумки, шаҳар душанба куни Толибон тарафидан ишғол қилинганди.

Ҳукумат кучлари шаҳарнинг аксар қисмини назорат қилаётганини даъво қилса-да, жанглар тўхтамаган.

Қундуз охирги 14 йил ичида толиблар назорат остига олган илк вилоят марказидир.

'Оммавий қотиллик'

Маҳаллий аҳоли вакиллари эса, ўз уйларида қамалиб қолганлари, озиқ-овқат ва бошқа заҳиралари тугаб бораётганини айтишади.

"Озиқ-овқат ва сувимиз тугамоқда. Ташқарига чиқа олмаймиз. Ҳар икки томоннинг ҳам ўқига учишдан қўрқамиз", деб айтган Қундуз яшовчиларидан бири Би-би-си Афғон Хизмати билан суҳбатда.

Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси дори-дармон ва тиббиёт ходимлари етишмаслигидан ташвиш билдирган.

Халқаро Амнести ташкилоти эса, Толибонни Қундуздаги "оммавий қотиллик, гуруҳ бўлиб жинсий зўрлаш ва уйма-уй тинтувлар ўтказиш" ишларда айблаган.

Афғонистон ҳукумати Толибон "маҳкамасиз қатллар" ҳамда "инсониятга қарши жиноятлар"га масъуллигини айтган.

'Рамзий ғалаба'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Одамлар ҳар икки томоннинг ўқига учиршдан қўрқишади

Аммо, Толибон раҳбари Мулло Ахтар Мансурга кўра, жангарилар оддий аҳолига озод бермасликка уринганлар.

"Биз оддий инсонларга имкон қадар камроқ талофат етказишга уриняпмиз", дейди Мулло Мансур Франс-Пресс билан суҳбатида.

Ўз ўрнида, у ҳукумат кучларини пала-партиш, нишонни аниқламай ўт очишда айблаган.

Мулло Мансур Толибон Қундузни олиш билан "расмий ғалаба"ни қўлга киритганини қўшимча қилган.

'Шаҳарда аҳвол оғир'

Би-би-си мухбири Жастин Роулат пайшанба куни Қундуз ташқарисидаги ҳудудга сафар қилган. Кўзи билан кўрганларини шундай ҳикоя қилади:

"Биз етиб боришимиздан олдиноқ, қарама-қаршилик якун топгани аниқ эди. Аммо, мен шаҳардан қалин тутун кўкка ўрлаётганини кўрдим.

Генерал Мурод Али Мурод Қундуз назорати ўз кучлари қўлида экани, аммо кам сондаги Толибон унсурлари қолиб, қаршилик кўрсатаётганини айтди.

Мен сўзлашган вилоят кенгаши аъзоси эса, анчайин очиқ гапирди. У шаҳарга қайтишни жуда истаётгани, аммо ниҳоятда қўрқаётганини айтди.

"Бу уруш. Шу қадар кўп жанг боряптики, у ерда яшаш имконсиз", деди у.

Афғон армияси бизни шаҳар ичкарисига олиб кириш хатарли эканини айтди. Ниҳоят, шаҳарга қадам қўймай туриб, зирҳли автомобилда ҳудудни тарк этдик.

Карвонимиз шаҳар ташқариси бўйлаб кетарди. У ерда бизга учта жасадни кўрсатишди. Айтишларича, улар бир кун олдин дрон ҳужумида ўлдирилган Толибон жангчилари экан.

Ерда бир неча дақиқа турганимиздан кейин яна зирҳли автомобилга жойландик ва бизни кутаётган вертолёт томон елдек учириб олиб кетилдик", дейди Би-би-си мухбири Жастин Роулат.

'Қундуз қайтариб олгани йўқ'

Жума куни ҳам тўқнашувлар давом этар экан, гувоҳларга кўра, Толибон жангчиларини ҳамон кўчаларда кўриш мумкин. Айтилишича, баъзи толиблар одамларнинг уйларида яширинишган.

Қундуздаги полиция қўмондони Би-би-си билан суҳбатда хавфсизлик кучлари ҳозир "кўчаларни Толибондан тозалаётганлари" ҳақида айтган.

Толибон эса, шаҳар яна бой берилгани борасидаги хабарни рад қилган. Толиблар воизи Забиҳулло Мужоҳид Би-би-сига: "Шаҳар ҳали ҳам бизнинг назоратимиз остида. Қуроллиларимиз шаҳар ичкарисида", деб айтган.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларига яқин жойлашган Қундуз шаҳри 300 минг кишилик аҳолига эга бўлиб, Афғонистоннинг энг катта шаҳарларидан биридир. У ҳам транспорт маркази, ва ҳам минтақавий савдо маркази сифатида стратегик жиҳатдан муҳим саналади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio