Бангкокдаги ҳужумларни ким амалга оширган?

Бангкокдаги ибодатхонада 17 август куни содир этилган ҳужум натижасида 20 киши ҳалок бўлиб, 120 дан ортиқ инсон жароҳатланганди.

Лекин бу ҳужумлар ортида ким турганлиги юзасидан текширув мобайнида қарама-қарши баёнотлар ва адаштирувчи маълумотлар тақдим этилди.

Ҳужумдан олти ҳафта ҳам ўтмасдан полиция асосий гумондорни аниқлаганини эълон қилди.

Қарама-қарши баёнотлар

Ҳужумларнинг эртаси куни Бангкокдаги каналлардан бирида яна бир портлаш рўй берди. Бу гал қурбонлар йўқ эди. Кейинчалик полиция бу ҳужум ҳам ибодатхонадаги ҳужумда фойдаланилган бомбага монанд бомба орқали амалга оширилганлигини даъво қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

19 август куни эса ибодатхонадаги камераларда акс этган тасвирлар эълон қилинди. Унда сариқ спорт майкаси кийган ва кўзойнак таққан шахс ўтиргичлардан бирида рюкзагини қолдириб, ўзи жўнаб кетгани кўринади. Сал ўтмай портлаш рўй беради.

Бу вақтда полиция ибодатхонадан бир чақиримча узоқликда мотоцикл таксичи томонидан ташлаб кетилган бу шахс ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасди.

22 август куни эса 4 кун олдин портлаш рўй берган каналга бир кишининг рюкзакни тепиб туширгани акс этган видео тасма эълон қилинди. Бу ҳодиса биринчи портлашдан 30 дақиқа ўтиб рўй берди.

Полиция бу вақтда ҳужумчилар гуруҳи иш тутганлигини аниқлади. Лекин полиция томонидан берилган қарама-қарши баёнотлар уларнинг маълумотларига ишончни бир оз заифлаштирди.

24 август куни текширув жараёни тўхтаб қолди. Полиция гувоҳлар томонидан ноаниқ маълумотлар ва видеоларнинг аниқ эмаслиги уларнинг ишига халақит бераётганлигини айтди.

Полиция раҳбари гумондорлар ҳануз Тайланддами ёки йўқлигини билмаслигини айтди.

Ҳибслар. "Асосий гумондор ушланмаган"

29 август куни эса дастлабки гувоҳни қўлга олганликларини айтишди. У Туркия паспортига эга хорижлик эди. Уни Бангкок яқинидаги бомба ясовчи ускуналарга тўла уйдан топишган.

Кейинги куни эса яна бир уйдан бомба ясовчи ускуналар топилиб, тайландлик мусулмон аёл ва унинг турк турмуш ўртоғи гумондор сифатида эълон қилинди. Уларни Туркияда бўлсалар керак, деб айтишди.

31 август куни полиция раҳбари намойишкорона равишда 82 минг долларга тенг пулни олиб чиқиб, айбдорларни топганларга мукофот, деб ҳамманинг кўз ўнгида полициячилар қўлига берди.

1 сентябр куни эса иккинчи гумондор қўлга олинди. Уни Камбоджа расмийлари чегарада тутиб бердилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Шинжонлик Юсуфи Мирали асосий гумондорлардан бири сифатида тақдим этилди.

Уни Хитой паспортига эга шинжонлик мусулмон Юсуфи Мирали эканлигини айтдилар. Полиция уни айнан бомбани ясаган шахс, дея гумон қилди. Сариқ майкадаги ҳужумчи эса ҳануз очиқда дедилар.

5 сентябрга келиб яна 10 кишини ҳибсга олиш учун буйруқ берилди.

Гумондорлар хорижлик. "Трафикингчилар айбдор"

9 сентябр куни ҳужумларни режалаштириб, улардан бир кун аввал Бангладешга қочиб кетган "Изан" исмли гумондор эълон қилинди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи European Photopress Agency

Унинг паспортидаги ҳақиқий исми Абдулсаттор Абдураҳмон, Шинжондан бўлган хитойлик дейилди.

Бу вақтга келиб гумондорларнинг аксари хорижлик эканлиги айтилса ҳам Таиланд полицияси биронта хориж давлати полициясидан ёрдам ёки ҳамкорлик сўрагани йўқ.

Гумондорлар билан учрашган манбалар уларнинг Шинжондаги тазйиқлар ҳақида гапиришгани ва радикал ғояларга берилганликлари ҳақида айтишди. Лекин полиция ҳужум ортида сиёсий сабаблар йўқлигини уқтиришда давом этди. Уларга кўра, бу амаллар гўёки одам савдосига қарши курашдан норози бўлган жиноий гуруҳларнинг "қасди" эди.

Лекин таҳлилчилар бу ҳужумлар кўпроқ Таиланд расмийлари томонидан 109 нафар уйғур бошпана изловчини Хитойга депортация қилинишига жавобан амал эканлигини айтмоқда эди.

Сариқ майкадаги гумондор. "Биз уни аллақачон ушлагандик"

25 сентябр куни полиция дастлаб қўлга олинган гумондорни "сариқ майкадаги ҳужумчи " Билол Муҳаммад эканлигини эълон қилди. У гўёки ҳужумни амалга оширганлигига иқрор бўлган ва видеотасвирдаги "сариқ майкадаги ҳужумчи" эканлигини тан олган. Буни гўёки Юсуфи Мирали камерасидаги тасвирлар ҳам тасдиқлаган.

Ўша вақтгача Билол сохта Туркия паспорти билан Малайзияга яширинчи қочиб кетганлигини айтиб келганди. Унинг кутилмаган иқрори ҳарбий маҳкамада ҳимоячилар ҳозир бўлмаган шароитда янгради. Унинг иқрорига гувоҳ бўлган манбанинг Би-би-сига айтишича, уни иқрорга мажбурлашганига ишонади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳозирда Хитой, Туркия, Тайланд ва Покистон паспортларига эга бўлган 17 гумондорни ҳибсга олиш учун буйруқ чиқарилган. Улардан 15 нафари ҳануз очиқда эканлиги айтилмоқда. Хорижда бўлишлари мумкинлиги айтилган бу гумондорларни тутиш учун Тайланд полиция уринадими йўқми маълум эмас.

28 сентябр куни полиция раҳбари жиноят очилганлиги ва асосий айбланувчилар ҳисб остида эканлигини эълон қилди. Яна 82 минг долларлик мукофот намойиш қилинди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Полиция шунингдек, биринчи маротаба собиқ бош вазирга содиқ бўлган "сиёсий гуруҳ" билан боғлиқлик ва 2010-2014 йилги портлашлар билан бу галги портлашларнинг алоқаси ҳақида айтди.

30 сентябр куни полицияга атиги бир йил раҳбарлик қилган Сомйот истеъфога чиқаётганлигини эълон қилди. У Бангкокдаги ҳужумлар ортида уйғурлар депортацияга қарши бўлганлар эмас, балки инсон савдосига қарши курашга қарши бўлганлар масъул эканлигини яна бир бор таъкидлади.

Бу даъвога полициянинг ўзидан бошқа кўпчилик ишонмайди. Ҳибс остидаги икки гумондорга нисбатан ҳануз расман айбловлар қўйилмаган.

Айбловлар қўйилган вақтда эса улар ҳарбий маҳкамага тортилиши мумкин. Инсон ҳуқуқлари фаоллари бу каби маҳкама ўта мураккаб кўрилган ишни юритишга қобил бўлмаслигини айтмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio