'Россиянинг Туркия ҳаво ҳудудига кириши тасодиф эмас'

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Россиянинг Суриядаги ҳаво ҳужумлари ўтган чоршанба куни бошлади

НАТОга кўра, Россиянинг Туркия ҳаво ҳудудига изнсиз кириши "тасодиф" эмас.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергнинг айтишича, Россия ҳукумати мазкур икки ҳолат учун "ҳақиқий" тушунтириш бермаган. У бу ҳолатни "қабул қилиб бўлмас" дея тарифлаган.

Жаноб Столтенбергнинг айтишича, НАТО ва Россия ҳарбийлари ўртасидаги алоқа линиялари очиқ бўлган, бироқ бундан фойдаланилмаган.

НАТО Бош котиби Россиянинг Суриядаги "катта ҳарбий ҳозирлиги", жумладан, ҳам қуруқлик ва ҳам ҳарбий денгиз флоти кучлари ишга солинаётгани ҳақида гапирган.

У Россиянинг ҳарбий сафарбарлиги "қаттиқ хавотир" эканини айтаркан, Москвани НАТО билан ўртасидаги тарангликни кучайтиришдан қочишга ундаган.

Олдинроқ, Туркия ҳукумати ҳам Россиянинг Сурияда амалиёт олиб бораётган қирувчи учоқлари ўз ҳаво ҳудудига иккинчи бор изнсиз кирганига норозилик билдирганди.

Россия элчиси иккинчи марта Анқарадаги Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган. Айтилишича, ҳодиса якшанба куни юз берган.

Туркия куни кеча Россия ҳарбий учоқлари биринчи марта шанба куни Ҳатай минтақасидаги Яйладағи ҳудудига кирганини айтганди.

НАТО Москвадан "Сурия мухолифати ва фуқароларига" қаратилган ҳаво ҳужумларини тўхтатишни сўрамоқда. Россия тарафи эса, ўзини "Исломий Давлат" атаётган гуруҳ ва бошқа жангариларни нишонга олаётганини айтади.

"Об-ҳаво сабаб"

Шанба куни Туркия ҳаво ҳудудига кириб кетилганига изоҳ берилар экан, бу бор-йўғи бир неча дақиқага об-ҳаво ёмонлиги боис юз берганини айтган. Якшанба куни ҳодисага ҳали тушунтириш берилмаган.

НАТОнинг Туркия дохил 28 аъзоси номидан берилган баёнотда Россия "бу каби масъулиятсизлик билан амалга оширилган хатар"дан "тийилишга" чақирилган.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Туркия ушбу қирувчи учоқларни уриб туширишга ҳақли бўлганини айтган.

"Туркия Қуролли Кучларига аниқ кўрсатма берилди, учиб ўтаётган қуш бўлса ҳам, тўхтатиб қолинади", деб айтди Туркия телеканалига гапирган Бош вазир Аҳмад Довутўғли.

Аммо, у "Туркия-Россия" инқирози эҳтимолига аҳамият бермасликка уринган ва икки мамлакат орасидаги алоқалар сақланиб қолишини айтган.

БМТ воизи Стефан Дюжаррик Сурияда "турли мамлакатлар ва турфа коалициялар" ҳаво ҳужумлари олиб боришидан хавотир изҳор қилган. У вазиятни "хатарга тўла" дея таърифлаган.

БМТ расмийси зиддиятга сиёсий ечим топишга диққат қаратишга ундаган.

Россиянинг Суриядаги ҳаво ҳужумлари ўтган чоршанба куни бошланганди. Москва амалиётларда ИД ва бошқа Исломий жангарилар мавқелари нишонга олинаётганини таъкидлайди. Сурияга кўра, ушбу ҳаво ҳужумлари бир неча ой амалга оширилиши режаланган.

Ўтган ҳафта Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россиянинг Суриядаги аралашувини "йирик хато" дея тасвирлади ва бу Москвани янада яккалаб қўйишини айтди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ