Суриядан 'яна миллионлаб одам қочиб чиқиши мумкин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи NC

Туркия Оврўпо Иттифоқини Суриядаги ички уруш кучаядиган бўлса, яна миллионлаб қочқинлар пайдо бўлиши юзасидан огоҳлантирган.

Оврўпо Кенгаши Президенти Доналд Тускка кўра, Россия ва Эроннинг ҳарбий аралашуви Президент Башар ал-Ассадни ғалабага етаклаётган кўринади.

Туркиянинг айтишича эса, мазкур ҳолат Алеппо (Халаб) ва атроф ҳудудлардан яна 3 миллионга киши қочиб чиқиши мумкинлигини англатади.

"Зўравонлик ва ҳарбий ҳаракатлар кучайиши бошпанасизликни кўпайтиради", дейди Халқаро Муҳожирлик Ташкилоти воизи Леонард Дойл.

Аммо, унинг айтишича, ташкилот Сурияни ташлаб қочаётганлар сони ортаётгани ҳақида хабар олгани йўқ.

Дойил жанобларига кўра, ҳозир жойлардаги вазиятни ўрганилмоқда. Айни пайтда у жаноб Тускнинг изоҳларини "тахминий" дея таърифлаган.

'Туркия керак бизга'

Оврўпо парламентида қилган чиқишида гапираркан, Доналд Туск: "Минтақага сафарим чоғи ким билан гаплашмай, президентлар бўладими ва ё Туркия, Иордания ёки Мисрдаги қочқинларми, бир нарса юзасидан огоҳлантиришди: Россия ва Эроннинг аралашуви боис Ассад тузуми ғалабаси эҳтимоли катталиги ва бу муҳожирлар янги тўлқинига туртки мумкинлигидир", дейди у.

"Кеча бу гаплар Президент Эрдўған томонидан ҳам тасдиқланди. Туркиянинг ҳисоб-китобларига кўра, Алеппо ва қўшни ҳудудлардан яна 3 миллион қочқин чиқиши мумкин".

Маълумки, Россия 30 сентябрдан бошлаб Сурияда ҳаво ҳужумлари уюштирмоқда. Россия ҳукумати ўз ҳужумлармда "Исломий Давлат" деб аталаётган гуруҳ мавқелари нишонга олинаётгани ва бу иш Ассад жанобларининг сўрови билан амалга оширилаётганини айтади.

Ғарб эса, Россия ИДга алоқаси бўлмаган исёнкорларга ҳам зарба бераётганини таъкидлаяпти.

Шунингдек, ҳаво ҳужумларида қатор оддий сурияликлар ҳам нобуд бўлгани ҳақида хабар қилинади.

Брюсселда Президент Эрдўған ва ОИ раҳбарлари қочқинлар инқирози билан ҳисоблашишга қаратилган режани якунлашга келишганлар.

"Туркия бизга кераклиги аниқ. Комиссия унинг ёрдамига эҳтиёжи бор", дейди Оврўпо Комиссияси раҳбари Жан Юнкер.

Айни пайтда у Туркияни 2.2 миллион суриялик қочқинга бошпана бераётгани учун олқишлаган.

Аммо, Брюсселдаги Би-би-си мухбири Крис Морриснинг айтишича, Сурия уруши туфайли қочаётганлар сони яна миллионларга ортса, ҳар қандай режа пучга чиқиши мумкин.

Жорий йил Оврўпо Иттифоқига юз минглаб қочқинлар бош уришди.

Уларнинг аксари Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги ихтилофлар боис ватанларини ташлаб чиққанлардир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio