ОИ ноқонуний муҳожирларга қарши амалиёт бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Оврўпо Иттифоқи муҳожирларни кемаларда ноқонуний Оврўпо соҳилларига етказиш билан шуғулланадиганларга қарши янги махсус амалиётини бошлаган.

“София” деб номланган амалиёт иккинчиси бўлиб, шу йил июн ойида ОИ ноқонуний муҳожирлар кемаларини кузатиш ва қутқариш, Ливия қирғоқларидан Италия ва Малтага ўтиш йўлларини ўрганиш мақсадидаги биринчи босқичини бошлаган эди.

“София” амалиётида эса ОИнинг махсус ҳарбий кемалари одам контрабандасида гумон қилинган кемаларни тўхтатиш, ичини текшириш ва ортга қайтариш ҳуқуқига эга бўладилар.

Контрабандачилар йўлини тўсиш мақсадида юборилган ҳарбий кемалар Ливия қирғоқларидан 12 денгиз мили узоқлигида жойлашишлари кўзда тутилган.

Бу амалиётни шу йил август ойида Ливия соҳилларида қутқарилган аёлнинг чақалоғи номига София деб аташга қарор қилинган.

Оврўпо Иттифоқи ноқонуний муҳожирлар йўлини тўсиш мақсадидаги учинчи босқич амалиётларни ҳам режалаштирган.

Бу босқичда ОИ кучларини бевосита Ливия қуруқлигига жойлаштириш кўзланган, аммо бунинг учун БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Ливия маъқуллови талаб қилинади.

7 октябр куни Страсбургда Оврўпо Парламенти мажлисига Олмония Канцлери Ангела Меркел ва Франция Президенти Франсуа Олланд мурожаат билан чиқишлари хабар қилинган.

Хабар қилинишича, айрим кунлари Ливиядан Оврўпо соҳилларига қараб муҳожирлар ўтирган 20 тача кема йўлга чиқади.

2015 йил бошидан буён Африканинг шимолий қирғоқларидан Оврўпога 130000 дан ортиқ муҳожир ва қочқин етиб борган.

2700 дан ортиқ инсон чўкиб кетган деб кўрилади.

Ўрта Ер денгизидан ташқари катта сондаги муҳожирлар Туркия-Юнонистон чегараси орқали Оврўпога етиб олишга ҳаракат қилмоқдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ