Исломий Давлат ташвиқоти қандай ишлайди?

"Фирот қирғоқларида балиқ овлаш" номи остидаги суратни ИД 2015 йилнинг 1 августида тарқатган Фото муаллифлик ҳуқуқи Other
Image caption "Фирот қирғоқларида балиқ овлаш" номи остидаги суратни ИД 2015 йилнинг 1 августида тарқатган

Мен ўзини Исломий Давлат дея атайдиган гуруҳнинг ташвиқотини кўпдан бери ўрганиб келаман. Бу ҳар кунлик ишимнинг бир қисми. У билан мунтазам шуғулланаман ва ҳиссиётларга берилмайман.

Мен қаршимда ёқимсиз нарса турганини яхши англайман. Лекин жуда кам ҳолатда кўрган нарсамдан даҳшатга тушаман.

Бироқ 4 июл куни ИД томонидан тарқатилган видеоларни кўргач, ҳимоя механизмларим ишламай қолди.

Бир гуруҳ ўспирин болалар бир қаторга туришди, уларнинг олдида Асад армияси деб аталган 25 одам тиз чўкиб турарди. Болалар уларнинг бошини мўлжалга олишди. Буларнинг ҳаммаси Суриянинг Палмирасида жойлашган қадимги Рим театрида рўй берарди.

Ҳар доимгидек видеони ўлдириш онлари акс этган лаҳзадан олдинроқ тўхтатдим. ИД нинг қаҳри қаттиқлигига ўрганиб қолганман, лекин бу видео бошқаларига ўхшамас эди. Гап шундаки, иш столимда ушбу Рим театрида 5 йил олдин олинган оилавий суратим туради. Унда мен, рафиқам, отам ва ўгай онам акс этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи IS image
Image caption Қадимий Рим театрида "Асад аскарларининг" қатл қилиниши тасвирлари ИД томонидан 4 июлда тарқатилди

У вақтда мен Сурияда яшар эдим. Улар фуқаролик урушига тобора кириб бораётган ушбу давлатни тарк этишимдан олдинги менинг сўнгги меҳмонларимдан бири эди. Ўшанда мамлакатни келажакда нималар кутаётганини тасаввур ҳам қилмаган эдим.

Шундан бери Суриядаги жиҳодий гуруҳларнинг тадрижий ривожланишини ўрганиш орқали у ердаги ҳодисаларни кузатиб келаман.

Мен қачонлардир мафтун бўлиб томоша қилган Алеппо истеҳкоми, Босрадаги қалъа амфитеатр ёки Крак де Шеваленинг ҳайратланарли даражада сақланиб қолган қалъаси каби тарихий обидаларнинг даҳшатли уруш натижасида қай тарзда бузилаётгани акс этган видеоларга доимо дуч келдим.

Бироқ ИДнинг Палмирадаги ичиқоралик билан ўтказган қатл жараёнидек нарсани кўрмаганман десам бўлади. Ҳеч қачон яқин ўтмиш ва бугунги кун қиёси бунчалик яққол бўлмаган эди.

Бир неча кун ушбу видеони унутолмай юрдим. Қатл учун фойдаланилган болакайлар ва ҳарбийлар хаёлимдан кўтарилмас эди. Бу тасвирларнинг нима мақсадда ёйилишига ўша вақти тушунчам бўлган бўлса-да, улар бу каби ишларни нима учун қилаяпти, деган саволга тўлиқ, далилларга асосланиб ва ишонч билан жавоб беролмасдим.

Мен аллақачон ўрганган тадқиқий мавзуларга қўшимча равишда ИД ташвиқотчисининг психологиясини ичидан тушуниш учун маълумотлар тўплашим керак деган қарорга келдим.

"ИД дунёсига кириш"

Ушбу видеолар кимларга мўлжаллангани ва ИД ўзини қандай тасаввур қилиши ҳақида бу тасвирлар нима деяётганини тушуниш учун ўзимдаги бор билимлар билан уларнинг дунёсига киришни истадим.

ИДнинг ғоявий тарафдорлари учун жангариларнинг ҳарбийлаштирилган ва шафқатсизлик билан суғорилган ташвиқоти ўзига жалб қилиши ва ҳузур бағишлашини биламиз.

Қолганларгачи? ИД халифалиги учун уйларини ташлаб келган минглаб эркак, аёл ва болаларга қандай таъсир қилаяпти?

Бу нарсаларни ўрганиш учун кўп вақт кетишини олдиндан билган ҳолда ўзимга вақт белгилаб олдим. Бу ишга тахминан бир ой ажратишга аҳд қилдим.

ИД амал қиладиган мусулмонларнинг ой календари бўйича 17 июлдан бошлаб 15 августгача давом этадиган Шаввол ойининг 30 кунини шу ишга бағишладим. Ҳар куни икки соатимни ИД тарафдорлари юритадиган араб тилидаги твиттер саҳифаларида пропаганданинг турли шаклларини ўқишга ажратдим.

Топганларим мени ҳайратлантирди, лекин шафқатсизлиги билан эмас. ИД нинг расмий ташвиқотчилари 30 куннинг ичида 1146 та турли кўринишдаги тарғибот материаллари тарқатди.

Уларнинг ичида суратлар тўплами, видео лавҳалар, мурожаатларнинг аудио шакли, радио янгликларнинг ҳисоботи, таҳлилий матнлар, журнал, плакат, рисола ва диний асарлар бор эди. Бу рўйхатни яна кўп давом эттириш мумкин.

Турли тиллардаги (радио янгиликлар ва матнли таҳлиллар 6 тилда тарқатилди) ўхшаш ташвиқот материаллари бир гуруҳга жамланганидан сўнг 892 та нусха чиқарилгани ойдинлашди. Уларнинг ҳаммаси ягона шаклга келтирилган ва майда тафсилотларигача жуда яхши бажарилган эди.

ИДнинг ташвиқот материаллари тармоқларда кам эмаслигини олдиндан сезгандим, лекин уларнинг бу даражада кўп бўлишини кутмаган эдим. Бошқа экспертлар бу борада нима дейиши қизиқ эди. Мен АҚШ Давлат департаменти томонидан тузилган ва интернетда ИД ташвиқотига қарши курашувчи аксилтеррор алоқалар стратегик Маркази директори Алберт Фернандес билан боғландим.

У дарҳол жавоб берди. Бу нарсалар унга катта сюрприз бўлмаган бўлса-да, материаллар кутганидан анча кўплигини айтди.

Бу, зўравонлик ишлатиш ёки ишлатмаслигидан қатъий назар, бошқа нодавлат экстремистик ҳаракатлар яқинига ҳам йўлай олмайдиган даражада ҳайратланарли фаоллик эди.

Шаввол ойининг 30 куни

Мен тўпланган маълумотларни батафсил таҳлил қилишга киришдим. Аввалига Шаввол ойининг 30 кунида чоп қилинган ташвиқот материаллари танишдек туйилди. Унда мен айнисига олдин ҳам дуч келган элеметлар бор эди. Масалан, ИДнинг бир кун олдинги ҳарбий зафарлари акс этган аудио ва матнли ҳисоботлар. Бу нарсалар аниқ ишловчи соат каби кун сайин чиқиб турарди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи IS image
Image caption Тарғибот материалларининг мазмуни кенг ва ўзгарувчан эди

Бундан ташқари тармоқларда оддий одамлар ҳаёти, ҳарбий амалиётлар, шафқатсиз жазолаш, шунингдек, раҳм-шафқат ўрнаклари ва хорижликларни жалб қилиш учун жангарилар ўртасидаги биродарлик муҳитини акс эттирувчи материаллар аралашмаси ҳам чиқариларди. Айрим кунларда маълум мавзулар бошқаларига қараганда кўпроқ пайдо бўларди.

Ҳаммадан ҳам кўп ижтимоий адолатнинг хаёлий ғояси, ишловчи иқтисод, диний "покизалик" ва "халифалик"нинг мунтазам кенгайиб бориши каби мавзуларга кўпроқ эътибор қаратиларди. Бошқа кунлари ҳарбий тайёргарлик, парадлар ҳамда ҳарбий амалиётлар ўтказиш ҳақида кўпроқ гапириларди.

Ташвиқот материалларининг мазмуни шунчалик кенг ва ўзгарувчан эдики, уларни қисқа таснифлаб бўлмас эди. Мисол учун, Шаввол ойининг оддий 23 чи кунида 50 та турли тарғибот материаллари чоп қилинди. Фоторепортаж ва видео тасвирларда ИДнинг Сурия шимолига қилган ҳужумлари ва Салоҳиддин жангида ҳалок бўлганларни мақташлар акс этган эди.

Қурбон бўлиш мавзусидаги суратларда "Сафавид салбчилари"нинг Ироқдаги Анбар ва Қиркук вилоятларига ҳаводан берилган зарбалари натижалари акс этган. Бироқ ташвиқотчиларнинг катта қисми "кундалик" ҳаёт мавзусини кўрсатиш билан банд бўлди.

50 материалдан 32 таси "тинч-осуда" ҳаётни намойиш қилди. Уларнинг ичида Мосулдаги устахонада шувоқчиликка ўргатиш, Фаллужада рўзнома тарқатилиши, Талофарда тротуар таъмири, Қаярага телефон линияси ўтказиш, Шарқатдаги тамаки маҳсулотлари мусодараси ва ёқиб юборилиши ва ҳатто Бир ал-Қассобдаги туяларнинг сўйилиши ҳам бор эди.

ИДнинг ўз "бренд"ини тарғиб қилишга ҳаракати собитлиги билан ажралиб туради. Маълум мавзулар ва муҳим лавҳалар умумий оқимда ажралиб туради. Бироқ тадқиқотни бошлаганимдан бир ой ўтиб асосий йўналишни ажратишга муваффақ бўлдим.

Шу нарсани англаб етгач, мен ИДнинг медиа сирига дуч келдим. Бу "ишлаб чиқариш, ишлаб чиқариш, ишлаб чиқариш" эди.

Ортидан кузатиш имконсиз даражада катта сондаги материални тайёрлаш орқали ИД медиачилари улар нима билан шуғулланаётганини тушуниб етмаслигимизга ҳаракат қилади. Улар интернетга шу даражада кўп материал чиқаришадики, аслида қайси "бренд"ни яратаётганини тушуниб бўлмай қолади.

Улар ўз рақибларини мўлжалдан адаштиришади ва шу билан бирга қизиқувчан ҳамда ҳимоясизларни жалб қилишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи IS image
Image caption Суратлар тўпламининг бири бесоқолбозни қатл қилишга бағишланган эди

Бироқ Шаввол ойида тўпланган маълумотлар ва ўзимда бор билимни ишга солган ҳолда мен бу муаммони айланиб ўта оламан. Ушбу ташвиқот лабиринтини қисмларга бўлиш мумкин. ИД тарғиботчисининг миясига кириш учун қилган ҳаракат - лойиҳам каттароқ бир нарсага айланганини англаб етдим.

Қўлимда мукаммал архив пайдо бўлганидан сўнг, мен йўналиш, қонуният ва аномалияни ажратишни бошладим. Шафқатсизликнинг йўқлиги ҳайратланарли эди. Олдинги тадқиқотларимдан ИДнинг "бренди" - душманларининг қонини тўкишдан кўра каттароқ нарса эканлигини билардим. Бироқ Шаввол ойининг илк кунларида бу мавзудлар умуман йўқ эди.

Бироқ ўтмишда бу нарсанинг ўрни бор эди.

"Халифалик" хомхаёли

Рамазон ойидан сўнг келувчи Шаввол ойи Қурбон ҳайитини нишонлаш билан бошланади. Кутилганидек, ИД бу нарсадан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилди. Унинг ОАВ ўз аудиториясига "халифалик"нинг ичида ва ташқарисида ҳеч нарса ИД услубида ҳайит нишонлашга етолмаслигини кўрсатиб бериши керак эди. Бунинг учун гуруҳнинг ташвиқотчилари ИД "фуқаролари"нинг икки - дин ва ижтимоий ҳаётидаги элементларга эътибор қаратишди.

Улар Сурия ва Ливиядаги муҳтожларга хайрия тарқатиш ҳолатларини кўрсатишди. Байрам намози ва болаларнинг аттракционларда ўйнаши, етимларга ўйинчоқ, ширинликлар тарқатиш, биринчи қаторларда ўтириб олиб қўшиқ айтаётган, чой ичаётган ва биргаликда куйлаётган жангарилар каби умумий муҳитни очиб берувчи саҳналарга кўпроқ вақт ажратишди.

Маълум вақтда ИДнинг расмий радиостанцияси бўлмиш "Ал-Баён"нинг транслацияси ҳам пайдо бўлиб қолди. Унда "оддий ўткинчилар" ўзларининг байрамдан олган илиқ таассуротларини гапиришди.

Қурбон ҳайити ўтгандан сўнг катталарнинг болалар билан ўйнаётгани акс этган тасвирлар ўрнини одатий ҳарбий мавзулар эгаллай бошлади. Қовун етиштириш, турли ҳунармандлик, косиблар, табиат ҳақида, тамаки мусодараси ва кўчаларни тозалаш ҳар куни ниқоб кийган жангариларнинг қандайдир нишонни ўққа тутаётгани, "душман" жасадларининг тахқирланиши ва қўлга киритилган ўлжалардан мақтаниш акс этган суратлар билан бирга келарди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи IS image
Image caption Истироҳат боғидаги болалар - ИДнинг тарғибот элементларидан бири

Ушбу танланган расмлардан ташқари (улар 696 та эди) ИД нинг давлат сифатида амал қилаётганини кўрсатувчи 64 та видео жойлаштирилди. Уларда никоҳ қайд қилишдан тортиб нонвойлик учун масъул бўлган шахсларнинг вазифаси, диний полиция томонидан ширк ҳайкалларнинг бузилиши, диний хиёнатда айбланганларнинг ўлим жазосига ҳукм қилинишига оид тасвирлар бор эди. Уларнинг бирида бесоқолбозликда айбланган эркак томдан ташлангани ва оломон томонидан тош бўрон қилингани акс этган.

Кундалик ҳаётни акс эттирувчи ҳар икки видеодан бири ИДнинг ҳарбий амалиётлари ҳақида ҳикоя қиларди. Янги келганларга мерганлик қуролидан фойдаланишни ўргатиш, ўзини портлатишдан олдин васиятномасини ўқиётган худкуш ҳужумчилар ва душман позициясига дақиқлик билан уюштирилган ҳужумлар.

Осуда ва уруш ҳаётини кўрсатиш билан бирга ташвиқотчилар доимо қурбон бўлаётган томон ролини ўйнаб турарди. Ўлганларнинг жасадлари, мажруҳ бўлиб қолган болалар, аёллар ва қариялар - буларнинг ҳаммаси душман томонидан ҳаводан бериладиган зарбалардан максимал даражада сиёсий фойда чиқариб олишга қаратилган.

Зарбалар Сурия армияси ёки халқаро коалиция томонидан берилишидан қатъий назар, тасвирлар даҳшатли бўларди. Бу нарса ИД томонидан халифаликнинг мавжудлиги ва унинг жангарилари томонидан содир қилинган саноқсиз жиноятларни қонунийлаштиришга имкон берарди.

Июл ойида ИД шафқатсизлик даражасини туширмоқчи деган сон саноқсиз чиққан хабарларга қарамасдан, зўравонликни акс эттирувчи тасвирлар сезиларли камаймади.

Шаввол ойининг бешинчи кунига келиб Хама вилоятида Сурия ҳукумат армиясининг аскари қандай қилиб отиб ўлдирилгани ва жарликдан улоқтирилгани акс этган видео тарқатилди.

Тўрт кундан сўнг Ироқда "айғоқчилар"нинг боши танасидан жудо қилиниши ҳақида видео чиқди. Яна бир неча кундан сўнг эса Афғонистондаги ИД душманлари тўп қилиб боғланганлиги ва портловчи модда устига ўтқазилган ҳолда портлатилгани видеоси тарқатилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи IS image

Ушбу оммавий қотилликларнинг сабаблари борган сари ойдинлаша борди. Шу йўл билан огоҳлантириш юбориларди. Бироқ улар халқаро ҳамжамиятга қаратилмаганди. Ушбу видеолар ИД назорати остидаги ҳудудларда яшовчи потенциал норози кишиларга қаратилганди.

Ушбу одамлар икки танлов остида қолдирилганди. Биз билан бирга қолиб ИДнинг хом-хаёллари билан яшайсан ёки даҳшатли ўлим билан якун топасан. Бу каби огоҳлантиришларнинг тез-тез пайдо бўлмаслиги эътибор қаратиш керак бўлган жиҳатдир.

ИД ташвиқотчилари ўз аудиториясини қўрқитишни ва дарғазаб қилишни истайди, лекин улар ушбу зўравон саҳналар одатий ҳолга кириб қолишини хоҳламайди. Етказилмоқчи бўлган моҳият мураккаброқ эди ва уни фақат зўравонликни кўрсатиш билан етказиб бўлмасди.

Исломий Давлат "халифалиги"нинг илк йилларида мансублик ва раҳм-шафқат ғоясини тарғиб қилишга кўпроқ вақт ажратилар ва бу ташкилотнинг халқона дипломатияси асосларидан эди. Бироқ мени ажаблантиргани Шаввол ойи кузатишларимда ушбу ғояларга кам эътибор қаратилди.

Ташвиқотчилар фақатгина бир икки марта хорижликларни жангарилар ўртасидаги биродарлик ва дўстлик ғояларини кўрсатиш орқали жалб қилишга уринди. Янги одамларни жалб қилиш асосан диний мазмунга қурилганди.

Бир ойлик тарғиботнинг жуда оз қисмини ўз қилмишидан пушаймон қилган ИД душманларига афв ваъда қилишга бағишланди. Бунгача ИД ушбу сиёсати билан тез-тез мақтанарди.

Буларнинг ҳаммаси - ташвиқотчилар ўз ишларини Исломий давлат раҳбариятининг янада кенгроқ стратегиясига мослаштираётганидан дарак беради.

ИД ташвиқот машинаси навбатдаги материалларини қўймаган бирор кун ҳам йўқ эди.

Бироқ бу хабарлар бир бири билан бирикканида ушбу гуруҳнинг ҳаёти ҳақида тасаввур берарди.

Ундан ҳар ким ўзига кераклисини олиши мумкин: душманларни қўрқитиш ва тарафдорларни жалб қилиш учун рақибларни шафқатсизларча жазолаш, фаровон ҳаёт изловчилар учун гуркираб ривожланаётган қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш, қонун устуворлигини қадрловчи ва шариат аҳкомлари бўйича яшашга интилувчи хорижлик жиҳодчилар учун тана аъзоларини кесиш, тошбўрон қилиш ва бошини танасидан жудо қилиш каби ҳолатлар.

Буларнинг ҳаммаси жаннатмонанд чиройли манзара ва мафтункор табиат ҳамрохлигида келади. ИД "брендининг" кенг қамровли эканлигига шубҳа бўлиши мумкин эмас.

Йиғилган маълумотларни ўрганар эканман, ташвиқот янги тарафдорларни ёллаш, мойилларга нисбатан қизиқишни ушлаб туриш ва ҳомийлар жалб қилиш орқали ИДни фақат хорижда машҳур қилишга қаратилмаганини тушундим. У ИДнинг ичидаги вазиятни ушлаб туришга ҳам қаратилганди.

ОАВ эркинлиги йўқ жойдаги ташвиқот

Фото муаллифлик ҳуқуқи IS image
Image caption Кундалик ҳаётдаги суратлар душмандан қасос олиш тасвирлари билан алмашади

ИД назорат қилувчи ҳудудда яшайдиган исталган одамнинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг. Сизда интернетга бемалол кириш учун имконият йўқ. Камдан кам учровчи бор ҳолатда ҳам ҳар бир қадамингизни назорат қилувчи ИД жангарисининг қўндоғи бошингизда туради. ИД ҳудудида эркин ахборот, муқобил нуқтаи назар, унинг ташвиқотини шубҳа остига олувчи янгиликлар йўқ. Бу ерда ИД ташвиқотчилари томонидан таклиф қилинган "янгиликлар" ва бутун ҳудуд бўйлаб тўсатдан ташкил қилинган кўплаб "ОАВ"ларда амалга оширилувчи трансляцилардан бошқа ҳеч нарса йўқ.

Ушбу "медиа нуқта"ларда бериладиган рисолалар ҳамда катта экранларда намойиш қилинувчи видео ва янгиликларда "халифалик"нинг ташвиқотчилар томонидан идеаллаштирилган имиджигина тарқатилади.

Аудитория ушбу янгиликларнинг том ва кўчма маънода қулига айланиб қолган.

Бу нарса қандайдир маънода интернетга ҳам кўчган. Мен бу нарса билан тадқиқотим учун шуғулландим, бироқ ИДнинг кўплаб тарафдорлари учун ташвиқот - янгилик ва ахборот олиш учун ягона манба бўлиб қолган.

Ижтимоий тармоқлар ҳамфикрларни гуруҳларга бирлаштириши билан маълум. Фойдаланувчилар "майда" ва нозик фарқларга эътибор қаратмасдан виртуал ҳаётини ўзи танлайди. Ушбу суърат ИДдан чиқаётган заҳарловчи ташвиқотга мос келиб қолса, тарғибот янада кўпроқ амалий натижа олиб келади.

Ҳатто ИДнинг тарафдорлари интернетда бошқа ғоялар ва нуқтаи назарларни бемалол ўқий олса ҳам, уларни деярли изламайди ва эътибор қаратмайди. Улар ИД маркетинг моделига руҳий жиҳатдан қарам бўлиб қолади.

Июл ойида ИД ташвиқот стратегиясини янада чуқурроқ тушуниш мақсадида тадқиқотимни бошладим. Бироқ натижа кутганимдан кўпроқ фойдали бўлиб чиқди.

Уларнинг бир ойлик бўлсада тўлиқ медиа маълумотларига эга бўлиш орқали, ушбу гуруҳ ичкарида ва ўз чегараларидан ташқарида имиджини яратишда кўмак бераётган услубларни бўлаклаш ва баҳолашга муваффақ бўлдим.

Исломий Давлат билан курашаётган томонлар ташкилотда қарор қабул қилувчи одамларнинг нимани истаётгани ҳақида аниқ билимга эга бўлса ИДнинг ахборот яккаҳокимлигига самаралироқ қарши тура олиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio