Суриядаги уйғур жиҳодчилар тарғиботи кучаймоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Суриядаги уйғур жиҳодчилар сўнгги олти ой асносида онлайн тарғиботларини кескин кучайтирган. Асли Хитой ғарбидаги аксар мусулмонлар яшовчи Шинжон вилоятидан бўлган уйғурлар Сурияга кўчишларидан олдин Афғонистонда фаолият юритган.

Интернет орқали тарғибот ишларини Сурияга келганларидан кейин бироз вақт ўтиб бошлашган.

Ўтган 2014 йилнинг ўрталарида Туркистон Исломий Партиясининг Сурияда фаолият олиб борувчи алоҳида тармоғига асос солинди.

Мазкур тармоқ "Ал-Қоида"нинг Суриядаги қаноти ҳисобланган "Жабҳат ал-Нусра" гуруҳи сафида мамлакат шимолидаги баъзи асосий жанг майдонларида кураша бошлади.

Аслида эса, ТИП ўз кучларини ундан бироз аввалроқ Сурияга кўчириб келган.

2014 йилнинг июн ойида чиқарилган видеода гуруҳнинг Суриядаги қаноти вакили Абу Рида ал-Туркистоний ТИП Сурияга 2012 йили кириб келганини айтган эди.

ТИП тарғиботлари асоси ҳозирда Афғонистон-Покистон ҳудудида эмас, Сурияда томир отмоқда.

Гуруҳнинг ахборот тарғиботи мусулмонларни нишонга олган бўлиб, турли тиллар, жумладан, ўзларининг туркий тиллар гуруҳига мансуб уйғур, турк ва араб тилларида олиб борилади.

Ушбу ахборот юришида қўлланилаётган асосий сайтлардан иккитаси турк тилида иш олиб боради.

Илгари Афғонистон-Покистон ҳудудларида олиб борилган ва Ал-Қоида томонидан қўллаб-қувватланган ахборот тарғиботларига солиштирилса, уйғурларнинг Суриядаги ташвиқотлари самаралироқ бўлаётгани ҳамда Twitter ва Facebook каби платформаларда кенгроқ тарқалаётганини кўриш мумкин.

Айни пайтда, Покистон хавфсизлик кучлари томонидан Вазиристон минтақасидан сиқиб чиқарилган уйғурлар гуруҳининг Афғонистонда жиҳодга қўшилишга оид чақириқлари жимиб кетган.

"Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати" (ШТИҲ) ёки "Туркистон Исломий Ҳаракати" номлари билан ҳам маълум "Туркистон Исломий Партияси" Хитой ғарбидаги Шинжон вилоятидан чиққан жиҳодчилар томонидан ташкил қилинган.

Гуруҳ мақсади Исломий "Шарқий Туркистон"нинг Хитойдан мустақиллигига эришиш экани айтилади.

Хитой ТИПни террор гуруҳ деб атайди.

Айни пайтда Хитой ҳукумати терроризмга қарши кураш баҳонасида уйғурлар озчилигининг диний ҳақларини чеклаётгани танқидга қилинади.

Ахборот қаноти

ТИП жангарилари Islam Awazi (Ислом Овози) каби ўз ахборот воситаларига эга.

У уйғур жангарилари орасида "афғон жиҳоди" даврида ҳам яхши маълум эди.

Islam Awazi ва унинг радио хизмати уйғур жиҳодий ахборот тарғиботининг асосий манбасидек кўринади.

2009 йил бошларида Islam Awazi ўз материалларини "Ал-Қоида"нинг расмий онлайн ахборот нашри Dawn Media Centre орқали тарқатишни бошлаган ва у пайтлар асосий эътибор Хитой ҳукуматига қарши жиҳодга қаратилганди.

Кейинчалик ўша йили юқори лавозимли "Ал-Қоида" вакили ушбу курашни маъқуллаб чиқди, лекин 2013 йилга келиб ТИПнинг у канал орқали тарғиботи қарийб ниҳоя топди.

Сўнгги пайтда ТИП бир неча сайтлар ва Twitter саҳифаларидан фойдаланиб, ўз тарғиботларини амалга оширмоқда.

2015 йилнинг сентябрида эса, "Ал-Қоида"нинг Сомалидаги "Ал-Шабоб" сингари жангари гуруҳлар расмий ахборот нашрлари сифатида фаолият олиб борувчи Global Islamic Media Front (GIMF) медиа гуруҳи ТИПнинг "ягона расмий воситаси" бўлишини эълон қилди.

Интернет сайтлар

2013 йилдан буён Islam Awazi "Siddiqlarbiz" номи остида Google блог хизматидан фойдаланиб келмоқда.

Уйғур тилида юритилувчи ушбу сайтда аудио ва видео чиқишлар, янгиликлар ва диний маърузалар ҳамда жангариларнинг жанг майдонларидаги, асосан, Суриядаги амалиётлар акс этган видео материаллар жойлаштирилади.

Блогдаги материаллар Суриядаги жангларни акс эттирувчи тарғибот видеоларини ўз ичига олади. Улар "Туркистон Исломий Партияси" Шом тармоғининг Islam Awazi тарғибот бўлими томонидан тайёрланади.

Ушбу ахборот қаноти томонидан илк ишлаб чиқилган йирик видео материаллардан бирида уйғур жангариларининг 2015 йил апрел ойида Сурия шимоли-ғарбида жойлашган Жиср ал-Шуғур шаҳрини қўлга киритишдаги иштироки акс эттирилган.

Жабҳат ал-Нусра гуруҳи етакчилигидаги ушбу жанглар Жайш ал-Фатҳ ҳарбий иттифоқи томонидан мувофиқлаштирилганди.

Islam Awazi яқинда "Бегоналар жаннатга кирсин" шиори остида бир неча туркум видеолавҳалар эълон қилган.

Июн ойида чиқарилган ушбу туркум видеолавҳаларда уйғур жангчиларининг Сурия урушидаги иштироки намойиш этилади, гуруҳнинг мақсадларини тарғиб қилинади ва жиҳодга чақирилади.

ТИПга алоқадор "Дўғитуркистан" деб номланган вебсаҳифасида ҳам жиҳод тарғиб қилинади. Шу билан бирга, унда Хитойга қарши ва Сурияга боғлиқ материаллар чоп этилади.

Сайт турк тилида фаолият юритади ва Islam Awazi видеолавҳаларини мунтазам қўйиб боради.

Шунингдек, саҳифада Жабҳат ал-Нусранинг иттифоқчиси саудиялик имом Абдуллоҳ ал-Муҳайсиний каби мафкурачиларнинг жиҳодга чақириқлари акс этган материаллар ҳам қўйиб борилади.

10 августда "Туркистон мужоҳидлари қаҳрамонлигига менинг гувоҳлигим" сарлавҳаси остида чоп қилинган мақолада саудиялик мафкурачи Туркистон Исломий Катибаси (Суриядаги уйғур жангари гуруҳининг яна бир номи) таркибидаги жангарилар ҳаракатларини олқишлайди.

"Туркистанбултени" нашри Islam Awaziнинг турли хил матералларини чоп этувчи турк тилидаги яна бир сайтдир.

Июл ойида сайт Islam Awazi тайёрлаган "Ноёб расмлар албоми" туркум суратлари саккизинчи қисмини чоп қилди.

Фотоалбомда жанг майдонларидаги уйғур жангчилари, шунингдек, ҳарбий кийим-бошдаги, арабча ёзувли қора пешонабоғ боғлаган, жамлоқда машғулот ўтаётган ёш уйғур йигитлари акс этган.

Twitter ва Facebook

Уйғур жиҳодчилари ўз жиҳод ғояларини фаол тарғиб қилиш мақсадида бир неча ижтимоий тармоқларидан фойдаланишади.

Twitter ушбу ахборот нашрлари учун асосий қурол бўлиб келмоқда.

"Дўғитуркистан" уйғур жангариларининг Twitterдаги энг фаол вебсаҳифаси ҳисобланади.

1 октябрдаги маълумотга кўра, у 2,200 дан ортиқ кузатувчига эга бўлиб, 560 дан зиёд (асосан турк тилида) твит қолдирган.

Ўз ишларини Twitter орқали тарғиб қилувчи бошқа сайтларнинг ҳам кузатувчилари талайгина. Улар уйғур ва араб тилларида ёзади.

Бироқ, сентябр охирида Global Islamic Media Front ТИП тарғиботини ўз қўлига олиши ва буни ўзининг Twitter саҳифаси ва мухбирлари бор бўлган жиҳодий сайтлар орқали амалга оширишини эълон қилди.

Ушбу канал тарқатган илк тарғибот материали қозоқ тилидаги жиҳодчиси мадҳиясидир.

Бундай чиқишлар Facebook тармоғи орқали ҳам тарқатилади.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio