Россия Қозоғистонга таҳдидми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Россия президенти Владимир Путиннинг Қозоғистонга давлат ташрифи давомида, мухолифат икки ўртадаги муносабат тенг ҳуқуқлар асосида қурилмаганини таъкидламоқда. Уларга кўра икки давлат аъзоси бўлган иттифоқлар кўпроқ Кремлнинг манфаатларини кўзлайди.

Путин ташрифи чоғида бир неча муҳим ҳужжатлар имзоланган. Президент Назарбоев осон бўлмаган паллага тўғри келган ушбу ташриф икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилишини айтган. Назарбоев "осон бўлмаган палла" деяётганда нимани назарда тутганини очиқламаган.

Россия президентининг давлат ташрифи 16 октябр куни МДҲ давлат раҳбарларининг Остонадаги учрашуви ҳамда Овросиё иқтисодий иттифоқининг олий кенгаши арафасида ташкил қилинган.

Ташриф давомида Каспий денгизининг шимолий қисми тубининг мақоми тўғрисидаги баённомага ўзгартириш киритилган. Ушбу ҳужжат денгиз остидан қазиб олинадиган нефт масалаларини қамраб олади.

Ҳужжат тафсилотлари матбуотда эълон қилинмаган.

Икки давлат ўртасида имзоланган келишувга кўра, Россия ҳудудидан фазога учириладиган ракета қолдиқлари Қозоғистонга тушиши ва унга маълум ҳақ тўланиши келишиб олинган. Қозоқ ерлари ижараси учун Россия ҳар йили 460 минг доллар тўлайди.

Бундан ташқари Қозоғистон ҳудудида авиа ҳалокат содир бўлган тақдирда икки ўртада тузилган хизмат қурбонларни излаш ва жабрланганларни қутқариш билан шуғулланади. Имзоланган ҳужжатга кўра, авиа ҳалокат содир бўлган тақдирда 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинади.

"Суриядаги тўқнашув шиа-сунний уруши эмас"

Икки давлат раҳбари учрашувлар давомида ҳалқаро масалаларга ҳам ўз фикрларини билдириб ўтган.

Нурсултон Назарбоев икки президент Украина ва Суриядаги вазиятни муҳокама қилганини айтган.

Қозоғистон раҳбари Суриядаги тўқнашув мунозара қилинаётгандек, шиа ва сунний тўқнашуви эмаслигини айтган.

"Бироқ бу тўқнашувнинг ушбу ўхшатишга умуман алоқаси йўқ. Сурияда бугун рўй бераётган нарсалар - бу ҳаммамиз учун, жумладан, Марказий Осиё минтақаси учун катта таҳдид. Шу сабабдан ҳам биз "Ислом терроризмга қарши" анжуманини ташкил қилиш ғояси билан чиқяпмиз", - деган Нурсултон Назарбоев.

Россия Қозоғистоннинг энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. Икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси бир йилда 21 миллиард доллардан ошади.

Икки давлат интеграцион ташкилотлар таркибида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилади. Қозоғистон Россия билан бирга ҳам ҳарбий ва ҳам иқтисодий ташкилоту иттифоқларга аъзо.

Муносабатлар силлиқми?

Сиртдан қараганда, Россия ва Қозоғистон муносабатлари ўта аъло ва икки давлат ўртасида жиддий муаммо йўқдек туюлади.

Лекин мамлакат ичида ҳамма ҳам бундай деб ҳисобламайди. Айримларга кўра, икки давлат ўртасидаги муносабатлар Қозоғистон зиёни эвазига қурилган.

Мухолифатга кўра, Россия бошчилигидаги иттифоқларга аъзолик Қозоғистон мустақиллигига таҳдид солади.

"Бизнинг муносабатларимиз устувор бўлишга мажбур. Қозоғистон демократик кучлари Россия билан тенг ҳуқуқлилик асосида дўстлик бўлиши тарафдори. Афсуски, амалдаги ҳукумат мамлакатни Россияга тобора қарам қилиб қўймоқда. Овросиё иқтисодий иттифоқига кириш Қозоғистон бизнесини тенг бўлмаган шароитларга қолдирди. Оқ ўрда ва Кремл "келишилган ташқи сиёсат" ибораси киритилган шартнома имзолади. Айниқса, Россияга нисбатан Ғарб санкциялари қўлланилаётган бир маҳалда буни таърифлашга тил ожиз", - деган Амиржан Қўсанов.

Назарбоев Россия олдида Қозоғистон манфаатларини етарли даражада ҳимоя қила олмаётгани айтилади. Уларга кўра, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик фақат бир томон - Россиянинг манфаатларига мос келади.

Рублнинг қадрсизланиши, Россияга қарши санкциялар Қозоғистон учун ҳам зарба бўлаётгани айтилади.

Икки ўртада божхона тўсиқлари расман олиб ташланган бўлса-да, Қозоғистондан Россияга кирмоқчи бўлаётган турли товарлар ортилган юк машиналарнинг тушуниб бўлмас тўсиқ ва қаршиликларга дуч келаётгани танқид қилинади.

Кузатувчилар учрашувлар давомида ушбу масалалар ҳам Назарбоев томонидан кун тартибига қўйилган бўлиши мумкинлигини айтишади.

Путин ташрифи арафасида Россиянинг минтақада олиб бораётган сиёсатини Facebook да кескин қораловчи фаоллар Серикжан Мамбеталин ва Ермек Наримбаевнинг полиция томонидан ҳибсга олингани ҳам эътибор тортган.

Икки шахс ижтимоий тармоқларда миллатлараро низо қўзғаганликда гумон қилиниб ушлаб турилибди.

Қозоғистонлик фаоллар томонидан танқид қилинадиган яна бир жиҳат Россия ракеталарининг Бойқўнғир космодромидан учирилиши ва унда фойдаланилаётган гептил ёнилғисидир.

Фаолларга кўра, ракеталар учиши натижасида қозоқ заминига тушаётган гептил ёнилғиси қолдиқлари мамлакат табиатига катта зарар келтирмоқда. Одамларнинг соғлиғи ёмонлашмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ