Деҳлида яна икки қизалоқ зўрланган

Ҳиндистон пойтахтида икки ёш қизчанинг жинсий зўрланиши Деҳли бош вазирининг қаттиқ танқидига сабаб бўлди.

Арвинд Кежривал ҳукумат ва полицияни шаҳардаги болаларни етарлича ҳимоя қилмасликда айблади.

Ўтган ҳафта ҳам Деҳлида тўрт ёшли қизалоқ жинсий зўрланганди.

Жаноб Кежривалга кўра, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Лейтенант-губернатор Нажиб Жунг шаҳардаги хавфсизликни таъминлаб бера олишмаяпти.

Деҳлидаги полиция назорати марказий ҳукуматнинг ички ишлар вазирлиги ваколатига киради.

"Ёш болаларнинг қайта-қайта зўрланиши шармандали ва хавотирли ҳол. Деҳли полицияси хавфсизликни таъминлашнинг умуман уддасидан чиқмаган. Бош вазир ва унинг лейтенант-губернатори қаёққа қарашмоқда?" - дейилади Керживалнинг твитида.

Керживалнинг айтишича, бош вазир ё чора кўриши керак ёки полиция устидан назоратни штат ҳукуматига топшириши керак.

"Уйи яқинида ўғирланган"

Полициянинг билдиришича, қизчалардан бири - икки ярим ёшли қизалоқни Деҳли ғарбида икки эркак киши ўғирлаб кетган.

У жинсий зўрлангач, уйи яқинидаги паркка ташлаб кетилган.

Полиция маълумотига биноан, қизалоқ топилганида, жуда кўп қон кетишидан қийналаётган бўлган.

Тиббий текширувлар унинг камида бир марта жинсий зўрланганини аниқлади.

"Биз гумондорларни қидиришни бошладик. Ҳозирча ҳеч ким ҳибсга олинмади", - деди Деҳли полицияси раҳбари Пушпендра Кумар.

Деҳли шарқидаги айри бир ҳодисада беш ёшли қизалоқни уч эркак зўрлаган.

Полицияга кўра, уни қўшни уйга алдаб олиб кириб бир неча бор зўрлашган.

Полиция икки қизалоқ ҳам тиббий муолажа олаётганлари ва уларнинг ҳаётлари хавф остида эмаслигини айтди.

Ўтган ҳафта тўрт ёшли қизалоқ зўрланиб, уйи яқинида жиддий жароҳатлар билан топилганди.

Полиция мазкур ҳодисага боғлиқликда 25 ёшли эркакни ҳибсга олган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio