Словения Венгрия муҳожирларга чегарасини ёпишидан хавотирда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Венгрия муҳожирлар оқимини тўхтатиш учун ўзининг Хорватияга туташ чегарасини ёпар экан, муҳожирлар Хорватиядан автобусларда Словенияга кела бошлаганлар.

Венгрия жума куни ўзининг хорват чегарасини ёпди ва эндиликда Словения билан туташ чегарасида ҳам назорат нуқталарини қайта ўрнатишини билдирди.

Жума оқшомида чегара ёпилишидан бир неча дақиқа аввал Закани қишлоғига келган бир неча юз муҳожирларга чегарадан ўтишга рухсат берилди.

Улар ўтиши биланоқ, Венгрия аскари "Ёпиқ" дея қичқирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Кўплаб муҳожирлар Австрия ва Олмонияга ўтиш илинжидалар.

Жорий йилнинг ўзида 600 минг муҳожир асосан Туркия ва Грециядан Оврўпо Иттифоқига кириб келишди.

Уч мингдан ошиғи эса Ўрта Ер денгизини кечиб ўтишга уриниб чўкиб кетишди. Муҳожирларнинг аксари Суриядаги фуқаролар урушидан қочиб келганлар.

Венгрия бир ой аввал Сербия билан чегарасини ёпиб қўйганди.

Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ўз мамлакати "номаълум, назоратсиз муҳожирлар оқимидан" ҳимоя қилиш учун Словения билан туташ чегарада текширувлар қайта тадбиқ қилинишини билдирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Венгрия ва Словения паспортсиз ҳаракатга асосланган Шенген ҳудудига киради, аммо Хорватия ундан ташқарида.

Жума оқшомигача Венгрия орқали кунига 5 мингдан 8 минггача одам регистрациясиз Австрияга ўтиб кетишига рухсат берилаётганди.

Аҳолиси атиги 2 миллион одам бўлган Словенияда эндиликда муҳожирлар Словения орқали ҳаракат қилишлари мумкинлиги борасида хавотирлар юзага келган.

Словения Ички ишлар вазири Весна Геркос Австрия ва Олмония чегаралари очиқ қолар экан, Словения муҳожирларни қабул қилишда давом этишини айтди.

Охирги ойларда Словения орқали кунига 3 минг муҳожир ўтган. Мамлакат ҳукумати, агар Венгрия чегарани ёпса, у кунига 8 минг муҳожирни қабул қила олмаслигини билдирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio