Ироқ бўйича тадқиқотчи Туркия аэропортида ўлик ҳолда топилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Британия Ташқи ишлар вазирлиги собиқ Би-би-си журналисти, Уруш ва Тинчлик муаммоларини ёритиш институти(IWPR)нинг Ироқ бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Жеки Саттон жасади Истанбул аэропортида топилганини тасдиқлаган.

Хабарларга кўра, 50 ёшли Жеки Саттон жасади Истанбулнинг Отатурк ҳаво қўналғасининг ҳожатхонасида топилган.

У 17 октябр тунида Лондондан учиб борган, Истанбулдан Ироқ шимолидаги Ирбилга бориш учун сафарга чиққан.

Ирбилга учоқ икки соатдан кейин учиши керак бўлган.

Тарқатилаётган хабарларга кўра, Жеки Саттон учоққа кечиккан.

Туркия матбуотида турли тахминлар асосидаги хабарлар пайдо бўлган, бироқ ҳозирча журналист ва Ироқ бўйича эксперт ўлимига нима сабаб бўлгани номаълум.

Айрим хабарларда гўё парвозидан кечиккан Жеки Саттоннинг ёнида янги чипта сотиб олиш учуе пули бўлмагани, шундан хафа бўлиб ўзини ўзи ўлдиргани айтилган.

Лекин журналистни яқиндан билган танишлари Интернет ижтимоий тармоқларида Жеки Саттоннинг Афғонистон ва Ироқда фаолият юритганини, унинг ўлимини ўз жонига суиқасд сифатида тақдим этилиши шубҳали эканлиги ҳақида ёзмоқдалар.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги Саттон оиласига консуллик ёрдамини кўрсатаётганини маълум қилган.

Жеки Саттон қароргоҳи Лондонда жойлашган Уруш ва Тинчлик муаммоларини ёритиш институти(IWPR)нинг Ироқ бўйича бўлими директори вазифасини бажарувчи эди.

IWPRнинг Ироқ бўйича олдинги раҳбари Аммор ал-Шоҳбандер шу йил 2 май куни Бағдод шаҳрида рўй берган портлашда ҳалок бўлган.

Жеки Саттон Австралия Миллий университети Араб ва исломшунослик марказида диссретация ёқлаган, илмий тадқиқоти мавзуси ироқлик ва афғон журналист аёлларга бағишланган.

IWPR раҳбари Амин Сайқал, Жеки Саттон нафақат улкан тадқиқотчи, балки институт фаолиятига салмоқли ҳисса қўшган қадрли ҳамкасб ва дўст эди, деб айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio