Хитой Президенти Британияда: олқишми ё-да танқид?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Хитой президенти Си Цзинпиннинг Буюк Британияга тўрт кунлик давлат ташрифи бошланди.

Жаноб Си ва унинг рафиқаси Қиролича Елизавета томонидан берилажак Букингем саройидаги зиёфатда меҳмон бўладилар ва Британия парламенти аъзолари томонидан қаршиланадилар.

Британ матбуотидаги хабарларга кўра, Хитой Президентининг сафари чоғида асосий эътибор икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка қаратилади.

Хитой билан бизнес алоқаларини ривожлантириш баҳсли масала бўлса ҳам, Ташқи ишлар вазири Филип Ҳаммонднинг айтишича, "муносабатларга очиқ кўз билан ёндошилмоқда".

'Хитойнинг лайчаси'

Жаноб Ҳаммонд Британия Хитойнинг "лайчасига" айланаётгани ҳақидаги танқидларни рад этган.

Британия бош вазири Дэвид Камерон ва жаноб Си ўртасидаги музокаралар ва умуман сафар мобайнида 30 миллиард фунт стерлингга тенг (45 миллиард доллардан кўпроқ) савдо ва сармоя ётқизиш соҳасида битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Британия Бош вазири қароргоҳи сўзчисига кўра, Хитой ҳукумати пўлат ишлаб чиқариш соҳасини субсидиялагани туфайли Британия пўлат саноати синаётгани ва иш жойлари йўқотилаётгани масаласи ҳам муҳокама қилинади.

"Ҳайъатлар ўртасидаги давра суҳбатларида эса, Хитойдаги инсон ҳуқуқлари вазияти ва кибер ҳужумлар хавфи ҳам кўтарилади", -дея илова қилди Бош вазир сўзчиси.

Хитой билан кенг иқтисодий алоқаларнинг ривожланишига кўплаб мухолиф фикрлар билдирилмоқда.

"Лайчага ўхшаб ҳансирасанг, рўпарангдаги сени арқонга боғлаб олгандек ҳис қилади ўзини", деди APCO Worldwide's Chinese маслаҳат гуруҳидан Жеймс Макгрегор.

Си Цзинпиннинг сафари 2005 йилдан бери Хитой раҳбарининг Британияга илк сафаридир.

Британия расмийлари Хитой келгуси 10 йилда энг асосий савдо ҳамкорларидан бирига айланишига умид қилмоқдалар.

Хитой ширкатлари хатто Британиядаги атом станциялари ҳиссаларига эга бўлишларига рухсат берилиши ҳам кутилмоқда.

Букингем саройидаги зиёфатга Далай Ламанинг яқин дўсти сифатида кўрилган Шаҳзода Чарлз ташриф буюрмаслиги эълон қилинган, лекин бунинг сабаби келтирилмаган.

Мухолифатдаги Лейбористлар партияси раҳбари Жереми Корбин эса, зиёфат вақтида инсон ҳуқуқлари масаласини кўтариши эҳтимоли ҳақида айтилган.

Сафар мобайнида Amnesty International каби қатор халқаро ташкилотлар Хитойдаги инсон ҳуқуқларини топташ ҳоллари ва цензурага қарши намойишлар ўтказишларини билдирганлар.

Айни вақтда Хитой ҳукумати сиёсатини қўлловчи намойишлар ўтказилиши ҳам маълум қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio