Мамлакат раҳбарига татуировка ярашадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Productions de la Ruelle

Канададаги сайловларда ғалабани қўлга киритган Либерал Партия раҳбари Жастин Трюдо овоз берувчилар назарига нафақат сиёсий қарашлари билан тушган.

Унинг жисмонан ҳавас қилса арзирлик савлати ва чап қўлидаги татуировкаси кўплаб гап-сўзлар ва ижтимоий тармоқлардаги баҳсларга туртки берган. Жастин Трюдо татуировкага эга бўлган ягона жаҳон раҳбарими?

Жаноб Трюдонинг татуировкасида Канададаги ерлик аҳоли - ҳайдаларнинг рамзларидан бири бўлган қарға акс эттирилган.

2012 йил Жастин Трюдо ўз твитларидан бирида шундай ёзганди: "Менинг татуировкам қарға ичига битилган Ер сайёраси. Ер сайёрасини 23 ёшлигимда чиздиргандим. Қарғани 40 ёшга тўлган куни чиздирдим".

Сал ўтмай жаноб Трюдо ўзининг сиёсий рақибига қарши хайрия бокс жангида иштирок этган вақти бу татуировкани ҳамма яққол кўрди. Жастин Трюдо бу бокс матчида ютиб чиққанди.

Мамлакат раҳбари учун татуировкага эга бўлиш ноодатий ҳолатми?

Албатта, қайси жаҳон раҳбарининг қаерида татуировка борлигини аниқлик билан айтиш қийин. Баъзиларида бор бўлса ҳам, улар кўпда албатта яшириб юрадилар. Татуировкалар тарихи бўйича мутахассис Анна Фридманнинг айтишича, у биронта бошқа жорий раҳбарда татуировка борлигидан хабари йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP AFP
Image caption АҚШ президенти Обама ва Россия президенти Путинлар баданида татуировка кўринмайди...

Лекин ўтмишда бундай раҳбарлар бўлган.

Россия подшоҳи Николай Иккинчи 1891 йили Японияга сафар қилган вақти қўлига аждар чиздирган.

Югославия подшоҳи Александрнинг кўксида эса бургут расми бор эди.

Дания подшоҳи Фредерик IX денгиз кучлари сафида хизмат қилган вақти қатор татуировкаларга эга бўлган.

Британия қироллари Жорж V ва Эдвард VII иккаласи Қуддусга зиёратлари хотирасига қўлларига Қуддус хочини чиздирганлар.

Баъзи хабарларга кўра, Британия собиқ Бош вазири Уинстон Черчиллда кема лангарининг татуировкаси бўлган. Лекин Черчилл меросини ўрганиш марказига кўра, бунинг далили топилмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Британия Бош вазири рафиқаси Саманта Камерон оёғида делфин татуировкаси бор.

АҚШ собиқ президенти Рузвелт кўкрагида оиласининг сурати бўлган.

"Жаноб Трюдо татуировкасининг қизиқарли ери шуки, у буни яшираётгани йўқ. Оммага кўз-кўз қилишдан қочмаяпти", дейди мутахассис Анна Фридман.

Ўзини "татуировка профессори" дея атовчи Кевин Ганоннинг айтишича, Канада Бош вазири шунингдек, анаъанавий сиёсатчига ўхшаб тутмаяпти ўзини.

"Бош вазирдан сипо ва жиддий бўлиши кутилади одатда. Лекин Трюдо ўзини ёш, ҳаракатчан этиб тақдим этаётгани янгича ёндошув. Татуировкаси эса ўша имиджини қўллаяпти",

Лекин Торонто Университетидан социология профессори Майкл Аткинсонга кўра, жаноб Трюдонинг татуировкасини намойиш қилиши Бош вазирликка ҳали тайёр эмаслигини белгисидир.

"Айни вақтда аҳолининг баъзи қатламлари бу туфайли уни ўзларига яқин кўришлари мумкин. Трюдо ўзгача, янги ёндошувга эга бўлмоқчи бўлган янги авлодга ўзини яқин кўрсатмоқчи. Унинг татуировкаси қандай инсон эканлиги ва қандай қадриятларга эга эканлиги белгисидир".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio