Олмония: 'Холокост учун биз масъулмиз'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Исроил тарихчи ва сиёсатчилари Нетаняхунинг баёнотини қоралашган

Олмония Иккинчи жаҳон урушидаги Холокост ёки яҳудийлар қирғини учун ўзи масъул эканини таъкидлаган.

Берлинда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху билан матбуот анжумани чоғида гапирган Канцлер Ангела Меркел "Биз холокост учун масъуллигимизда турамиз" деб айтган.

Меркел хоним тарихни ўзгача талқин қилишга эҳтиёж йўқлигини таъкидлаган.

Чоршанба куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ўша пайтдаги Фаластин раҳбарларидан, Қуддуси шариф муфтийси Хожи Амин ал-Ҳусайний Гитлерни яҳудийларни ўлдиришга даъват этганини иддао қилган эди.

У бу ҳақда Қуддусда ўтган Жаҳон сионистлар конгрессининг йиғинида гапирган.

Нетаняхуга кўра, Гитлер яҳудийларни фақат Оврўподан чиқариб юборишни режалаган, аммо Фаластин бош муфтийси нацистлар раҳбарига "уларни ёқиш"ни маслаҳат берган.

"Гитлер ўша пайт яҳудийларни йўқ қилмоқчи эмас эди, уларни чиқариб юбормоқчи эди, холос. Аммо Хожи Амин ал-Ҳусайний Гитлернинг олдига бориб, "агар уларни чиқариб юборсангиз, ҳаммаси бизнинг ерларимизга келишади" деб айтган. "Хўш, нима қилай унда?" деб сўраган Гитлер. Ҳусайний шундай деган: "Уларни ёқинг".

Нетаняхунинг сўзлари Исроилдаги тарихчи ва сиёсатчилар томонидан танқидга тутилган.

Нетаняхунинг зиддиятли баёноти Қуддусда зўравонликлар авж олган паллага тўғри келган.

Хожи Амин ал-Ҳусайний ким эди?

Ҳусайний Британия мандати остидаги Фаластиннинг миллиятчи раҳбари бўлиб, яҳудийлар ва британ мустамлакачилигига қарши қуролли кураш олиб борган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Hulton Archive
Image caption Қуддуси шариф муфтийси Ҳожи Амин ал-Ҳусайний 1941 йилда Гитлер билан учрашган

У 1937 йилда Фаластинни тарк этганидан сўнг ҳам Британиянинг Фаластин тупроқларини яҳудий ва араб минтақаларига бўлиш режасига қаршилик кўрсатган.

Айни мақсадда нацистлар Олмонияси билан ҳамкорлик қилган Ҳусайний 1941 йил ноябрида Берлинда Гитлер билан учрашади.

Ўша пайтдаги олмон матбуотининг ёзишича, Ҳусайний Гитлердан Фаластинда Араб давлати қурилишини дастаклашни сўраган.

Ҳусайний уруш жиноятларида гумон қилинган, аммо нацист раҳбарлари маҳкамага тортилган Нюренберг жараёнида қатнашмаган.

У 1974 йилда Байрутда вафот этган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio