АҚШ Асаднинг Москвага ташрифини танқид қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Эрик Шульцнинг айтишича, Дамашқ ва Москва ўртасидаги ҳозирги алоқалар Сурия инқирозига сиёсий ечим топиш истиқболини хавф остига қўяди

Оқ уй Сурия Президенти Асад ва уни қучоқ очиб кутиб олган Москвани танқид қилиб чиққан.

Оқ уй сўзчиси Эрик Шульцнинг айтишича, Дамашқ ва Москва ўртасидаги ҳозирги алоқалар Сурия инқирозига сиёсий ечим топиш истиқболини хавф остига қўяди.

"Ўз халқига қарши кимёвий қурол ишлатган Асадга кўрсатилган эҳтиром Россиянинг Сурияда ўтиш даврини таъминлаш ҳақидаги баёнотига терс тушади", - деб айтган Оқ уй воизи.

Айни пайтда АҚШ Давлат Департаменти вакили Жон Кирби ташриф ўзи учун кутилмаган бўлмаганини айтган.

"Россия ва Сурия ўртасидаги алоқалар, Россиянинг Башар Асад манфаатларини кўзлаб яқинда бошлаган ҳарбий фаоллигини ҳисобга олсак, Башар Асаднинг Москвага учиб боргани ҳайратланарли эмас",- деб айтган Керби.

АҚШ мулозимларига кўра, Россиянинг ҳарбий ёрдами Асаднинг ўзига ишончини орттирган, бу эса Суриядаги зиддиятнинг янада чўзилишига олиб келиши мумкин.

Башар Асад Россиянинг Суриядаги ҳаво зарбалари бошланганидан уч ҳафта ўтиб, сешанба куни Москвага кутилмаган ишчи ташрифи билан борган.

Асад чорак миллиондан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлган қуролли зиддият бошланган 2011 йилдан буён Дамашқни тарк этмаганди.

Москвада у Россия раҳбариятига Сурияга мудохаласи учун миннатдорчилик билдирган.

Унинг айтишича, айнан Россиянинг аралашуви туфайли Сурияда террорчиликнинг ёйилиши тўхтатиб қолинган.

Ўз навбатида Президент Путин Сурия инқирозига мамлакатдаги барча сиёсий кучлар, этник ҳамда диний гуруҳларнинг иштирокида ечим топилишига умид билдирган.

Айни пайтда Путин Башар Асаднинг Москвага ташрифини қатор Яқин Шарқ давлатлари, жумладан, Саудия Арабистони ва Туркия раҳбарлари билан муҳокама қилишга ҳам улгурган.

Саудия ва Туркия Суриядаги исёнчиларни қўллаб-қувватлаб келади.

Сурия бош вазири Аҳмад Довудўғли ушбу ташрифдан кейин "Сурия ҳукумати ҳар қандай легитимлигини йўқотгани"ни айтган.

Хабарларга кўра, пайшанба куни Президент Эрдўғон ҳам Путин билан телефонда айни мавзуни муҳокама қилган.

Эрдўғон Суриянинг туркманлар яшайдиган Ҳалаб минтақасидаги вазиятдан ташвиш билдиргани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio