Хитойда эркаклар хотинларини “баҳам кўриши” таклифи баҳсларга сабаб бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Олимларга кўра, мамлакатда қизлар камайишига "бир оилага бир фарзанд" сиёсати сабабдир

Хитой университети профессори Чжензян Се Цзошининг камбағал эркаклар ўз хотинларини бошқалар билан баҳам кўриши лозимлиги ҳақидаги таклифи қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Гап шундаки, Хитойда 100 қиз болага 118 нафар ўғил бола тўғри келар экан. Бу эса, жинслар ўртасидаги мувозанатнинг кескин бузилганини кўрсатади.

Профессорга кўра, мавжуд тенгсизликка Хитойдаги "бир оилага бир фарзанд" сиёсати сабаб бўлган.

Анъаналарга биноан Хитойда ўғил болалар қизларга қараганда кўпроқ "қадрланади".

Ҳаёт даражаси ўсиши билан кўплаб қизлар ўз минтақаларини ташлаб, катта шаҳарларга кўчишаётгани ҳам жинслар мувозанатига жиддий дахл қилаётир.

Юзлаб жамоат арбоблари ва ижтимоий тармоқ фаоллари "хотин бўлашиш" таклифини илгари сурган олимни аҳлоқсизликда айблаб чиқишди.

Жиддий ижтимоий муаммо

Хитойдаги аёллар ҳақларини ҳимоя қилувчи ташкилот ходимасига кўра, "мувозанат бузилишига қизларни ўғил болалардан паст кўрадиган анъаналар сабаб".

"Бироқ, айни анъана тарафдорлари бунақа чиқишлари билан аёллар қадр-қимматини янада ерга уришмоқда. Бу кулгилидир", дейди у.

Аммо, профессорнинг айтишича, мазкур муаммони қандайдир қилиб ечиш керак, чунки беш йилдан кейин мамлакатдаги бўйдоқлар сони 30 миллиондан 40 миллионга етиши мумкин.

Иқтисодчи олим жуда камбағал бўйдоқлар Жануби-Шарқий Осиё ва Африка давлатлари қизларига уйланишлари мумкинлиги ҳақида ҳам гапиради.

Лекин, ҳозирнинг ўзидаёқ хитойлик деҳқонлар қўшни Бирма ва Ветнам мамлакатлари фуқаролари билан турмуш қурмоқдалар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳомилаларни жинсига қараб сақлаб қолиш кенг тарқалган

Қиз болаларнинг қадри

Олимлар миллиарддан ортиқ аҳолиси бўлган Хитойда янги туғилаётган гўдаклар орасида ўғилу қиз мувозанати бузилиб бораётганидан бонг урадилар.

Сабаб эса, Хитойда ҳомиланинг жинсига қараб сунъий олдириш амали кенг тарқалганидир.

Хитой оилаларида ўғил болага кўпроқ эътибор қаратилади.

Аксарият ҳолатларда ҳомила қиз бўлса, у олдириб ташланади.

Олимларга кўра, бунақа танлов билан ҳомила олдириш Хитойда мисли кўрилмаган даражада кенг тарқалган.

Айниқса, қишлоқ жойларида мазкур ҳолат кўп рўй берар экан.

1980 йиллар охирида ҳомиланинг жинсини аввалдан аниқлаш имконияти пайдо бўлар экан, "бир оилага бир фарзанд" сиёсати остида миллионлаб хитойликлар асосан ўғил кўриш ҳаракатига тушишган.

Олимлар Хитойда қиз болаларнинг ўғил болаларга нисбатан камайиши сабабини шунда кўришади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ