Россия Суриядаги аскарининг ўлимини тасдиқлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Аскар хизмат қилган "Хмеймим" авиабазаси

Россия Мудофаа вазирлиги шартнома асосида ҳарбий хизматни ўтаётган Россия аскарининг Сурияда ўлганини тасдиқлаган.

"Хмеймим" авиабазасида техник мутахасис сифатида ҳарбий хизматни ўтаётган шартномачи-ҳарбий навбатчиликдан сўнг дам олаётган маҳал ўз жонига қасд қилган", - дейилади Мудофаа вазирлигининг хабарида.

Унда аскарнинг исми - шарифи келтирилмайди.

Вазирликнинг дастлабки маълумотларига кўра, аскарнинг ўз жонига қасд қилишига "қизи билан шахсий муносабатларидаги келишмовчилик" сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Душанба куни жамоатчи фаол Руслан Левиев томонидан асос солинган Conflict Intelligence Team ахборот гуруҳи 24 октябр куни Сурия ҳудудида Россия аскарининг ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатганди.

Левиев гуруҳига 1996 йилда туғилган аскарнинг ўлимини унинг қиз ўртоғи тасдиқлаган.

"Аввалига ўзини осди, деб айтишди. Кейин уни осиб, отиб ташлашган, дейишди. Якуний хулоса-ўлик ҳолда топилган", деб айтган у.

Аскар билан бирга хизмат қилган бошқа бир ҳарбий Би-би-сига унинг ўлимини тасдиқлаган.

Айни пайтда у аскарнинг шахсий ҳаётида ҳаммаси яхши бўлгани, у уйланиш ниятида бўлганини айтган.

Россия сентябр охиридан буён Сурияда ҳаво зарбаларини амалга ошириб келади.

Москва "Исломий давлат" экстремистик гуруҳининг мавқеъларини бомбалаётганини таъкидлайди, аммо ғарб Россияни Суриянинг мўътадил мухолифатини нишонга олишда айблайди.

Москва бу айбловларни рад этади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio