"Зилзиладан жабр кўрганлар ҳаёти таҳдид остида"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Кўмак ташкилотлари огоҳлантиришича, 26 октябр кунидаги зилзила оқибатида уйсиз қолган афғонистонлик ва покистонликларга зудлик билан ёрдам берилмаса, совуқ ва очарчиликдан нобуд бўлишлари мумкин.

Икки аёзли тунни ташқарида ўтказишга мажбур бўлган инсонлар чодирлар ва кўрпаларга муҳтожлар, айниқса, болалар ҳаёти хавф остида, демоқдалар ёрдам ташкилотлари ходимлари.

Покистон матбуоти хабар қилишича, ер силкинишлари яна такрорланиши мумкин дея уйларига қайтишдан қўрқиб турган минглаб инсонлар ҳаво ҳарорати борган сари пасайиб бораётган вақтда тунни кўчада ўтказмоқдалар.

Афғонистон ва Покистон расмийлари хабарларига кўра, 7,5 балли зилзила оқибатида камида 370 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Аммо етиб бориш қийин бўлган минтақалардаги вазият ҳали аниқ эмас, шу боис қурбонлар сони янада ортиши мумкинлигини айтишади расмийлар.

БМТ болалар ташкилоти ЮНИСЕФ тоғли узоқ минтақаларда икки кун давомида қаттиқ ёмғир ёғиб қорга айланганидан огоҳлантирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

ЮНИСЕФ зилзиладан жабр кўрган инсонлар билан алоқа йўқлиги, аксар ҳудудларнинг тоғли бўлгани ва хафсизлик вазияти сабаб у жойларга ёрдамларни етказиш қийинлигини айтган.

Афғон расмийлари ер қимирлашидан зарар кўрган Таҳор вилоятининг Дарқанд тумани устидан назоратни Толибон қўлга киритгани ҳақида хабар тарқатганлар, бу эса зилзила қурбонларига кўмакларни етказишни янада мушкуллаштиришини айтганлар.

Бироқ Толибон ўз баёнотида қутқарув ишларига ўз жангарилари ёрдам беришини айтган.

Афғонистон Президенти Ашраф Ғани маъмурияти маълумотларига кўра, ер қимирлаши оқибатида 7600 дан ортиқ уй вайрон бўлган.

Зилзила кучи бутун Марказий Осиё, Россия жанубий минтақаларида ҳам сезилган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ер силкинишидан кейин Ўзбекистон ҳудудида қурбонлар ва қулашлар аниқланмагани ҳақида баёнот тарқатган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ