Керри:"Сурия уруши дўзахидан қутилиш вақти келди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Америка Суриядаги фуқаролар урушига барҳам бериш учун сиёсий ҳаракатларни кучайтирмоқда.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Вена сафари арафасида "бу дўзахдан" қутилишнинг вақти келди, деган. Австрия пойтахтида Сурия инқирозидан чиқиш йўлларини излашдан манфаатдор давлат вакиллари учрашади.

Учрашувда Буюк Британия, Франция, Олмония, Миср ва Ливан Ташқи ишлар вазирлари қатнашиши кутилмоқда. Бундан ташқари Оврўпо Иттифоқи раҳбариятидан ва минтақада муҳим рол ўйновчи давлатлар - Туркия, Саудия Арабистони, Форс кўрфази давлатлари ва Россиядан вакиллар иштирок этади. Бундай музокараларда илк маротаба Эрон ҳам қатнашади.

Москва ва Теҳрон Сурия можаросида президент Асадни қўлламоқда. АҚШ, Туркия, Саудия Арабистони ва Форс кўрфази давлатлари эса узоқ муддатли истиқболда Сурия сиёсатида Асадга жой йўқлигини таъкидлашмоқда.

"Дўзахдан чиқишга йўл"

Жон Керрига кўра, Вена конференцияси иштирокчилари олдида Сурияни дўзахдан чиқаришдек вазифа турибди.

"Сурия келажаги учун йўл топиш осон иш эмас. Бироқ ҳозир бу учун энг қулай сиёсий вазият юзага келди", деган Жон Керри.

АҚШ Давлат котибининг таъкидлашича, ИДга қарши курашда Сурияда ҳукумат алмашиши ва Башар Асаднинг қудратдан олинишидан бошқа ҳеч нарса бунчалик катта ёрдам бера олмайди. Бу нарса давлатларни экстремизмга қарши курашишда бирлаштириши мумкин.

Жон Керри ўз чиқишида Россия ва АҚШ Сурия муаммосини ечишда жуда кўп умумий ёндашувларга эга эканлигини айтган. Москва ва Вашингтон "бирлашган дунёвий Сурияни" кўришни истайди.

Ўз навбатида, Керрининг ўринбосари Энтони Блинкен France 24 телеканалига берган интервюсида "Россия Сурияда ғалабага эриша олмайди" ва мамлакат раҳбариятида ўзгаришлар бўлиши Москванинг ҳам манфаатларига киришини айтган.

"Улар Асаднинг ютқазмаслиги учун ёрдам беришга қодир бўлиши мумкин, лекин енга олишмайди", - деган Блинкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ