“Бир оилага бир фарзанд” сиёсати ислоҳоти хуш қаршиланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Хитойда ўнлаб йилларда бери амалда бўлиб келган “бир оилага бир фарзанд” сиёсати ислоҳ қилинаётгани борасидаги янгиликни давлат матбуоти “халқ иродаси акс-садоси” сифатида олқишлаган.

Аммо, инсон ҳақлари гуруҳлари қўл урилаётган чоралар етарли эмаслиги, чекловлар бир йўла йўқ қилиниши кераклигини айтишган.

Пайшанба куни ҳукумат оилаларга икки фарзанд кўришга изн бериши ҳақида маълум қилган.

Мазкур қарорнинг олиниши мамлакат аҳолиси тез суръатда кексайиб бораётгани ва иқтисодга ёрдам кераклиги билан изоҳланган.

Бу ҳақдаги баёнотни чоп қилган Хитой Миллий Саломатлик ва Оилани Режалаш комиссияси икки фарзандлилик сиёсати қачон кучга киришини очиқламаган.

Фарзанд кутаётган аёл ҳозир ҳам изн учун маҳаллий ҳукумат рўйхатидан ўтиши талаб қилинади. Аммо, комиссия жараённи осонлаштириш устида ишлашини маълум қилган.

Айни пайтда Миллий Саломатлик ва Оилани Режалаш комиссияси ҳомиладор аёллар ва оналар учун тиббий хизматни яхшилашни режалаётганини ҳам айтган. Чунки, сиёсат ўзгариши ортидан ёшлари каттариб қолган аёллар ҳам иккинчи бор туғишга уринишлари кутилади.

Қўшимча қилинишича, иккинчи болани кўришга қодир аёлларнинг 60 фоизи 35 ёшдан катталардир.

“Бир оилага бир фарзанд” сиёсати илк бор 1979 йил амалга тадбиқ қилинган. Мақсад мамлакатда туғилиш ва аҳоли ўсиш даражасини камайтириш бўлган.

Ҳисоб-китобларга кўра, айнан ана шу сиёсат туфайли 400 миллион туғилиш олди олинган.

Унга амал қилмаган жуфтлар жарима, ишдан ҳайдалиш ва ҳомилани мажбурий олдириш каби турли жазолар билан юзма-юз келишган.

Давлат назоратидаги Глобал Таймс нашри мазкур тартибга нуқта қўйилишини “халқ иродаси акс садоси” дея таърифлар экан, бу кенг миқёсда қораланганини тан олди.

Баъзи мутахассислар ушбу узоқ йиллик сиёсатдан воз кечилаётган эса-да, аҳоли кексайиши билан боғлиқ вазиятни ўнглаш учун маълум вақт керак бўлишини айтишади.

Бундан олдинроқ, ишчи кучининг камайиб кетиши ортидан айрим вилоятларда чекловлар юмшатилган, бироқ бола ўстиришнинг қимматлиги боис кутилганидан кўра камроқ туғилиш кузатилганди.

1970 йиллар туғилган жуфтлар гўё “сўнгги автобусга чиқиб олмоқчидек”, икки фарзандни исташлари мумкин, аммо 1980 ва 1990 йиллар туғилганлар бунга шошилмайдилар”, дейди Хитой матбуотига гапирган социологлардан бири.

"Бир оилага бир фарзанд" сиёсатидан воз кечилиши ҳақида Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси қурултойи сўнгги кунида эълон қилинди.

Партия, шунингдек, аҳоли ўсиш кўрсаткичи ва келаси беш йиллик режаларини ҳам маълум қилди.

*"Бир оилага бир фарзанд" сиёсати 1979 йил жорий қилинган. Шундан бери кўплаб хитойлик оилалар, 2007 йилги маълумотга кўра, фуқароларнинг учдан бири, жарима тўламай туриб, иккинчи фарзандни кўра олмаган;

*Қишлоқ ҳудудларида агар бош фарзанд қиз бўлсагина, иккинчи бор туғишга рухсат берилган;

*2013 йилдан кучга кирган истиснолар миллий озчиликларни ҳам ўз ичига олган ва эр-хотиндан ҳеч қурса бири ёлғиз фарзанд бўлган тақдирда, иккинчи бола кўришга изн берилган;

*Фаоллар мазкур сиёсат мажбурий аборт, қиз ҳомилалардан воз кечилиши ҳамда қиз болалар туғилиши ҳақида хаьар бермаслик каби ҳолларга етаклаган;

*Сиёсат Хитойда гендер мувозанати ҳам бузилишига ҳам сабаб бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ