Мисрда Россия йўловчи учоғи қулаган

Ҳалокатга учраган учоқнинг архивдаги сурати Фото муаллифлик ҳуқуқи Ennio Varani
Image caption Ҳалокатга учраган учоқнинг архивдаги сурати

Бортида 200 дан ортиқ йўловчиси бор Россия учоғи Синай ярим оролига қулаб тушган. Миср ҳукумати ҳалокатда тирик қолганлар йўқлигини маълум қилган. Учоқда асосан россиялик сайёҳлар бўлган.

Reuters агентлигининг Миср махсус хизматларидаги манбаларига таяниб хабар беришича, учоқни уриб туширилганлигига ҳеч қандай асос йўқ.

Airbus А-321 учоғи Россиянинг "Когалымавиа" ширкатига тегишли ва унинг бортида 224 одам - 217 йўловчи ва 7 экипаж аъзоси бўлган. Тайёра билан алоқа парвозга кўтарилганидан 23 дақиқа ўтиб йўқолган.

Аввалига учоқ Кипр осмонида ғойиб бўлди, деган хабарлар чиқди. Бироқ кейинчалик Миср ҳукумати унинг Синай ярим оролида қулаганини тасдиқлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Миср фуқаро авиацияси вазирининг айтишича, учоқ радарлардан ғойиб бўлишидан олдин 9 500 метр баландликда учаётган бўлган.

Учоқларнинг йўналишини жонли кузатиб борувчи Flight Radar 24 хизматидан Михаил Робертсон ушбу баландликни тасдиқлади.

Унинг Би-би-сига айтишича, учоқ тезлик билан пастга қулай бошлаган. Радарлардан ғойиб бўлишидан аввал бир дақиқанинг ичида 1 500 метр пастга шўнғиган.

Миср матбуотининг ёзишича, учоқ бўлаклари Синай ярим оролининг марказий қисмида топилган. Ҳодиса жойига йигирмага яқин тез тиббий ёрдам машинаси юборилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Миср Бош вазири Шариф Исмоил учоқ ҳалокати суриштирувини ўз назоратига олиш учун белгиланган барча режаларини бекор қилган.

Москва вақти билан Шарм аш-Шайхдан 06.51 да учган тайёра Санкт-Петербургдаги "Пулкова" аэропортига 12:10 қўниши керак бўлган.

Тасс агентлиги мухбирининг айтишича, "Пулкова" ҳаво қўналғасида ҳалокатга учраганларнинг яқинларига ёрдам кўрсатиш маркази очилган. Аэропорт одатдаги тартибда ишламоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio