Учоқ фожеаси: "Когалымавиа" ташқи кучга ишора қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Когалымавиа" раҳбариятининг билдиришича, Мисрда қулаган A321 самолёти ўз-ўзидан портлаган бўлиши мумкин эмас, балки "қандайдир ташқи кучнинг механик таъсири" остида қулаган.

"Учоқ тизимларида портлашга сабаб бўладиган носозликлар йўқ", - деди душанба куни Москвада ўтган матбуот анжуманида компания бош директори муовини Александр Смирнов.

Смирновга кўра, "Аэробус"га керагидан ортиқ нагрузка ўтказиш билан ҳам уни ҳавода портлатиб бўлмайди, чунки лайнер тизими учувчиларнинг қандайдир кескин ҳаракатлар қилишига тўсиқлик қилади.

Ҳаво ширкатининг раҳбари ҳам учувчилар хато қилганлиги эҳтимолини истисно қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

"Шунда экан, ягона эҳтимолий сабаб - бу учоққа ташқаридан қилинган жисмоний, механик таъсир бўлиши мумкин", - дея хулоса қилди Александр Смирнов.

У бу қандай ташқи таъсир бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тафсилотларни аниқлаб ўтирмади ва тергов хулосаларини кутишга чақирди.

Айни дамда, қора қутиларни текшираётган мутахассислардан бири бу самолёт ҳеч қандай ташқи кучга учрамагани, учувчи эса ҳеч қандай ёрдам чақириғини йўлламаганини айтган.

"Когалымавиа" компаниясининг Airbus A321 учоғи Қизил денгиздаги Шарм ал-Шайҳ истироҳат шаҳридан Санкт-Петербургга учаётганида Мисрнинг Синай ярим оролида шанба куни қулаганди.

Лайнер ичида бўлган 224 одамнинг бари ҳалок бўлишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio