‘Давлат сиёсатига қарши бўлган’ муҳаррир ҳайдалди

Жао Шинвей Бош муҳаррирлик қилган “Xinjiang Daily” кундалик давлат нашри асосий эътиборини Хитой ғарбидаги беқарор Шинжон уйғур мухтор бўлгасига қаратиб келган.

Фақат хитойчада чоп этилувчи бу газета, ўз навбатида, Хитойдаги энг фаолларидан бири саналади.

Хабарларга кўра, унинг Бош муҳаррири давлат сиёсатига амал қилмаганликда танқид қилинган.

Бошқарувдаги Коммунистик партиянинг масъул мулозими эса, “интизомни жиддий равишда бузгани” учун Жао Шинвейнинг жавобгарликка тортилишини ҳам ваъда қилган.

Одатда, Хитойда бу каби айблов “коррупция” билан боғлиқликда кўрилади.

Нашрнинг диққат-марказида бўлиб келган мухтор бўлга эса, сўнгги йилларда хитойлик ханлар, этник уйғурлар ва полиция кучлари ўртасидаги қонли тўқнашувларга саҳна бўлиб келади.

Қилинаётган иддаоларга кўра, жаноб Жао террорчиликка қарши кураш дохил бошқарувдаги партиянинг минтақадаги сиёсатини “номақбул таҳлил қилган”.

Коммунистик партиянинг бўлгинчилик, дин, экстремизм ва бошқа ҳассос масалаларда тутган йўлидан бормаган.

“Унинг сўзлари ва амаллари марказий ҳукумат ва коммунистик партиянинг минтақадаги қўмитасига қарши мавқеъда бўлган”, - дейилади масъул ташкилотнинг веб саҳифасида бу хусусда чоп этилган расмий баёнотда.

Ҳатто, бу баёнотда иддао қилинишича, Бош муҳаррир “ўзининг мухолифий мазмундаги сўзларини ошкора айтиб келган”.

Хитойлик масъулларга кўра, Жао Шинвей аллақачон коммунистик партия сафларидан чиқарилган ва “иши” ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳам оширилган.

Хитой яқинда давлат сиёсатига қарши қаратилган танқидларни жиловловчи янги тартиб-қоидаларни жорий этганди.

Уйғурлар ва Шинжон

  • Шинжон уйғурлари этник келиб чиқиши бўйича туркий мусулмонлардир.
  • Уйғурлар минтақа аҳолисининг қарийб 45 фоизини ташкил қилишади.
  • Қолган 40 фоизи эса, хитойлик ханлар ҳиссасига тўғри келади.
  • Хитой янги ташкил топган Шарқий Туркистон давлатини йўқ қилиб, 1949 йилда минтақа устидан ўз назоратини ўрнатади.
  • Орада кечган вақт давомида эса, катта сондаги ханларни минтақага кўчириш сиёсатини юритиб келади.
  • Маҳаллий уйғурлар бунинг оқибатида ўз тарих, тил ва маданиятларининг йўқолиб кетишидан хавотирдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ