‘Ал-Қоида’: Россияга қарши бирлашинг

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бундай даъват билан “ал-Қоида” тармоғи лидери Айман аз-Завоҳирий чиққан.

У Сурия ва Ироқда Россия ҳамда Ғарб таҳдидига қарши туриш учун мусулмонларни бирлашишга чақирган.

Россиянинг ўзида “ал-Қоида” халқаро террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва фаолияти расман тақиқланган.

“Америкаликлар, руслар, эронликлар, алавийлар ва “Ҳизбуллоҳ” бизга қарши ҳарбий амалиётларини мувофиқлаштиришмоқда – бор кучимизни уларга қарши йўналтириш учун наҳотки биз ўзаро зиддиятларимизга барҳам бера олмасак”, - дея хитоб қилган Айман аз-Завоҳирий ўзининг аудиомурожаатида.

Куни-кеча интернетда пайдо бўлган бу аудиомурожаатнинг аниқ қачон ёзилгани маълум эмас.

Аммо Айман аз-Завоҳирийнинг ўз мурожаатида Россиянинг номини тилга олиши унинг 30 сентябрдан кейин ёзилганига далолат қилади.

Чунки Россия айни шу санада Сурияда ўз ҳаво ҳужумларини амалга оширишга киришганди.

Расмий Москва эса, бу урушга Сурия Президенти Башар ал-Асаднинг илтимосига мувофиқ бош қўшганини даъво қилганди.

Президент Владимир Путин дохил Россия ҳукумати вакиллари аввалбошдан ўз ҳаво ҳужумларининг Суриядаги “Исломий Давлат” билан боғлиқ нишонларга қарши қаратилганини таъкидлаб келишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бироқ Россиянинг Суриядаги амалиётлари танқидчиларининг иддао қилишларича, бу қирувчи учоқлар президент Башар ал-Асад тузумига қарши мавқеъда бўлган муътадил мухолифат ва уларнинг объектларини ҳам нишонга олмоқда.

“Ал-Қоида” тармоғининг ўзи шу йил сентябр ойида “Исломий Давлат” гуруҳи асос солган халифат ва унинг раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийни тан олмаслигини ошкора айтиб чиққанди.

Ўз навбатида, тармоқ “Исломий Давлат” гуруҳи жангариларини Ироқ ва Суриядаги Ғарб бошчилигидаги иттифоққа қарши курашиш учун ўзларига қўшилишга ҳам даъват этганди.

“Исломий Давлат” гуруҳи эса, Суриядаги ўзларига қарши қаратилган ҳаво ҳужумлари ортидан Россияга қарши жиҳод эълон қилган.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, “Исломий Давлат” гуруҳи ҳам яқинда Россияда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва унинг мамлакат ҳудудида фаолият юритиши расман тақиқланган.

Агар, Россия Президенти Владимир Путиннинг ўтган ой президент Башарнинг Москвага кутилмаган ташрифи чоғида келтирган маълумотларга таянилса, жорий пайтда собиқ Шўро давлатларидан тўрт мингга яқин одам Сурияда ҳукумат кучларига қарши жанг қилмоқда.

Айни шу рақамларга таянаркан, жаноб Путин ўшанда, бошқа томондан, ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳам Суриядаги ҳарбий амалиётларга бош қўшишга қарор қилишганини иддао қилганди.

Ўтган йилги расмий маълумотларда Яқин Шарқда жанг қилаётган россияликлар ўзларининг сони 800 дан 1500 тагача бўлиши мумкинлиги айтилганди.

Шу йил август ойида интернетда эълон қилинган аудио мурожаатида эса, "ал-Қоида" раҳбари Айман аз-Завоҳирий Толибоннинг янги раҳбари Мулла Ахтар Муҳаммад Мансурга ўз садоқатини баён қилганди.

Бу Айман аз-Завоҳирийнинг ўтган йил сентябр ойидан буён эълон қилган илк мурожаати бўлганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Ал-Қоида" тармоғи ўн йилдан ошиқки, ҳам Афғонистон ва ҳам Покистондаги Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси саналади.

Собиқ лидери Усама бин Лодин Америка махсус кучлари томонидан Покистоннинг Аббособод шаҳрида ўлдирилган 2011 йилдан буён Айман аз-Завоҳирий "ал-Қоида" тармоғига бошчилик қилиб келади.

Тармоқ глобал халифат қуриш ғояси билан чиққан биринчи жиҳодчи жангари ташкилот бўлади ва жорий пайтда бутун дунё бўйлаб камида 30 минг жангарисининг борлиги тахмин қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ