'Ҳиндистонда Исломга нафрат кучли'

Image caption Шоҳруҳ Хон - Ҳиндистондаги мусулмонларга қарши нафратни қоралаб чиққан энг сўнгги ва энг машҳур ҳиндистонлик.

"Ҳиндистон - ҳаддидан ошиб кетган даражада тоқатсиз мамлакат" - деди ҳинд киносинининг суперюлдузи саналмиш Шоҳруҳ Хон.

Санъаткор бу ўринда ватанидаги мусулмонларга нисбатан муносабат ва адоватнинг хавотирли даражага кўтарилаётганини назарда тутган.

Шоҳруҳ Хон ўзи мусулмон, аммо рафиқаси ҳинду. У оиласи ҳамда ижодида доимо уйғунлик ва дўстликка интилиб яшашини айтиб келади.

Лекин ўз ватанидаги аҳволдан энди хавотирларини яширмаяпти.

"Ўта кучли тоқатсизлик ошиб бормоқда" - деди у афсус билан.

'Муаммо мол гўштими?'

Шоҳруҳ Хон ҳаётга ақл кўзи билан қаровчи икки нафар рационалистнинг ўлдирилиши ортидан шу тахлит ўз норозилигини изҳор этиб чиқди.

Олдинроқ эса бир гуруҳ ҳинду ақидапарстлари мол гўшти еган мусулмонни калтаклаб ўлдиришганди.

Бу воқеалар ортидан Ҳиндистондаги қатор ёзувчи ва олимлар мамлакатдаги аксилмусулмон сиёсатига норозилик сифатида ўзларига берилган давлат мукофотидан воз кечгандилар.

Хусусан, 90 нафарга яқин тарихчи ва ёзувчилар айни норозилик амалига қўшилганлар.

Шоҳруҳ Хон эса мазкур масалада ўз фикрини айтиб чиққан охирги ва энг машҳур ҳиндистонлик бўлмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳиндистоннинг қатор минтақаларида мусулмонлар ҳам мол гўшти ейиши мумкин эмас.

"Мол гўшти истеъмолини биз катта муаммога айлантирдик. Қандай қилиб одамларнинг нима ейиши муаммо бўлиши мумкин?" - деди НДТВ телеканалига интервью берган киноактёр.

"Бу ахмоқлик... Шу қадар кучли нафратни ахмоқликдан бошқа нарса, деб бўлмайди. Ўйлаб кўринг, нима овқат ейиш мамлакатдаги энг улкан муаммога айланибди!" - деди 50 ёшга кирган санъаткор.

У ватанпарварлик диний нафратга асосланиб қолаётганини кескин қоралади.

Шоҳруҳ Хон ва миллатчилар

Шоҳруҳ Хоннинг айни фикрлари Ҳиндистон ва жаҳон бўйлаб ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Асли келиб чиқиши мусулмон афғон бўлган Шоҳруҳ Хон - Ҳиндистоннинг фахри ва дунё бўйлаб машҳурликда Америка актёрларини ҳам йўлда қолдирган.

Шоҳруҳ Хон ўз фикрлари билан илгари ҳам бир неча маротаба аксилмусулмон миллатчилар ғазабини қўзғатган.

"Менинг исмим Хон" ёки "Мен террорчи эмасман" фильми афишалари ҳинду экстремистлари тарафидан ёқиб юборилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳинду миллатчи сиёсатчилари бир неча бора мусулмон халқ вакиллари ва фаолларига ҳатто йиғинларда ҳам ҳужум қилишган.

Ҳиндистонлик журналистларга кўра, Шоҳруҳ Хон ҳинду байрамлари ва сайилларида қатнашиб, ўзини динсиз киши сифатида тутса, миллатчиларга хуш ёқади.

Аммо қачонки Ҳиндистондаги мусулмонлар ҳақ-ҳуқуқлари камситилиши ёки Исломга нисбатан ошаётган нафратни танқид қилса, ҳинду миллатчилари уни "Бор, Покистонга кет!" деган шиорлар билан қоралашади.

Ҳиндистон - сон жиҳатидан дунёдаги икккинчи йирик мусулмон мамлакати. Аммо ўсаётган иқтисод боис шаклланаётган ўрта табақа тобора ҳинду миллатчилигига мойиллик кўрсатмоқда.

Шунингдек, Покистон билан ўртадаги адоватли муносабатлар ҳам Ҳиндистондаги мусулмонларга нисбатан душманона кайфиятларни кучайтирмоқда.

Кузатувчиларга кўра, Ислом дини узоқ асрлардан бери Ҳиндистон тараққиёти ва маданиятига улкан ҳисса қўшиб келади.

Ҳаттоки, Ҳиндистон рамзи бўлмиш Тожмаҳал мақбарасини ҳам Бобурий мусулмонлар қуришган.

Таҳлилчиларнинг ўйлашича, Ҳиндистоннинг ажралмас қисми бўлмиш Исломий эътиқод, мусулмон маданияти ва кўп миллионли мусулмонларни рад этиш мамлакат учун яхшиликка олиб келмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ