ОИ: "Муҳожирлар оқими Оврўпо иқтисодини кўтаради"

Ўрта Ер денгизи орқали муҳожирлар оқими кучаяр экан, 2017 йилгача Оврўпога 3 миллион муҳожир келиши кутилади. Бундай башоратни Оврўпо Комиссияси билдирди.

Оврўпо иттифоқининг ижрочи қанотига кўра, мазкур оқим Оврўпо иқтисодига "кичик, аммо ижобий" таъсир қилиб, ялпи ички маҳсулотни 0,2-0,3 фоизга оширади.

Оврўпо Иттифоқининг кузги иқтисодий башоратларини тақдим этар экан, Оврўпо Иттифоқининг иқтисод бўйича комиссари Пиер Московичи муҳожирлар келтирадиган қўшимча ишчи кучи Оврўпо иқтисодига ижобий таъсир қилишини айтди.

Айни дамда, баъзи бошпана аризалари рад этилган тақдирда ҳам, муҳожирлар оқими Оврўподаги аҳоли сонини 0,4 фоизга ошириши айтилади.

БМТ суриялик қочқинларнинг Оврўпога оқими сусаймаётганини айтади.

Совуқ ҳаво тушиши билан денгиздаги ҳарорат тушиб кетган, бироқ, БМТнинг муҳожирлар бўйича мулозими Питер Сазерландга кўра, сурияликларни бу тўхтата олмаяпти.

БМТнинг қочқинлар агентлиги билдиришича, қиш ойларида Туркия ва Грециядан кунига 5 минг муҳожир Оврўпога ўтиши кутилади.

Муҳожирларнинг аксари бошпана илинжида Олмонияга келишмоқда. У ердаги расмийлар Олмония жорий йилнинг ўзида 800 минг янги муҳожирларни қабул қилиши, ҳамда уларнинг умумий сони 1,5 миллионга етишини айтишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio