Charlie Hebdo учоқ фожеаси карикатурасини изоҳлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Франциянинг мубоҳасали Charlie Hebdo ҳафталиги Россия самолётининг Синай ярим оролида қулаши ҳодисасини ўз карикатурасига мавзу қилиб олиши ортидан, унинг бош муҳаррири Жерар Биар буни изоҳлашга уринди.

Карикатурага Кремль ғазаб билан муносабат билдирган. Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков уни "шаккоклик" дея қоралади.

Ҳажвий суратлардан бирида Исломий Давлат жангариси устига ёғилаётган учоқ ва жасадлар қисмлари акс этади. Ёнидаги ёзувда эса: "Россия авиацияси ИДни бомбардимон қилишни кучайтирмоқда", деб ёзилган.

Бошқасида эса ёнаётган самолёт манзарасида кўзойнаги эриб битаётган бош суяк акс этган. Яна бирида ИД жангарилари 224та текин овқатни олишгани айтилган. Бошқасида эса "Россиянинг арзон ҳаво йўллари хавфи"дан огоҳлантирилган.

Париждаги Radio France International (RFI) қароргоҳида интервью берган Жерар Биар Кремлнинг ғазабидан ҳайрон бўлганини билдирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Charlie Hebdo бош муҳаррири Жерар Биар

"Ҳеч тушунмайман бу муносабатга. Биз дунёвий, демократик ва атеистик газетамиз. Шаккоклик тушунчаси биз учун умуман ҳеч нимани англатмайди. Биз бошқа нашрлар каби янгиликларни шарҳлаймиз ва буни ҳар ҳафта қиламиз. Бу каби баёнотлари билан Кремль жамоатчилик эътиборини бошқа муаммолардан йироқлатмоқчи", - деди Charlie Hebdo журналининг бош муҳаррири.

Франциянинг ўзида бу карикатуралар деярли ҳеч қандай шов-шубга асос бўлмади. Би-би-си суҳбатга тортган тарихчи Пьер Дюлу мазкур карикатурларда сиёсат орқа планга ўтишини айтади.

"Гап бу ерда масаланинг фақат ахлоқий томони ҳақида кетаяпти. Бу карикатураларни қандай бўлмасин ўша ҳалок бўлган одамларнинг яқинлари кўришади, демак уларга яна бир бор бу фожеа ҳақида эслатилади" - дейди тарихчи.

Бошқа таҳлилчиларга кўра, агар Кремль бу мавзуни кўтармаса, россияликлар у ҳақида билишмасди ҳам, чунки Charlie Hebdo Россияда сотилмайди.

France 3 телеканали журналисти Жан-Поль Савар Charlie Hebdo Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётлари ва Россия авиациясининг ишонсизлигини танқид қилишга ҳақли эканини айтади.

"Албатта, бу каби фожеа устидан ҳазил қилиб бўлмайди, лекин Charlie Hebdoнинг мавқеи тўғри: Путин Россиянинг боши берк кўчага олиб кирмоқда, мамлакатдаги барча муаммолар у туфайли юзага келаяпти. Менимча, журналистларга ўз фикрларини билдиришни тақиқлаш мазкур карикатураларни чоп қилишдан ҳам ёмонроқ", - дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio