Учоқ фожеаси: ИД ва Синайдаги жангарилар суҳбатлари эшитилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Америка махсус кучлари Суриядаги Исломий Давлат гуруҳи раҳбарияти ва Мисрдаги унга боғлиқ жангарилар ўртасидаги суҳбатларни эшитишга муваффақ бўлганлар.

Бу ҳақида NBC телеканали ўзининг жума кунги дастурида хабар қилди. Маълумот каналга анонимлик шарти билан хавфсизлик хизматидан узатилган.

Мисрнинг Синай ярим оролидаги жангари гуруҳлар ўтган ҳафта Россия самолёти қулагаши учун масъулиятни қабул қилгандилар.

"Улар очиқчасига буни байрам қилаётгандилар", - деб айтган манба.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Учоқ қулашидан аввалроқ эса Синайдан Исломий Давлатга юборилган номада "яқин орада бу ерда муҳим бир нарса юз беради" деб айтилгани ҳам аён бўлди.

Шарм аш-Шайхдан Петербургга учган А321 самолёти аксари россиялик бўлган йўловчилари билан 31 октябрда Синай ярим оролига қулаганди. Ундаги 224 одам ҳалок бўлган.

Аввалига Россия ва Миср ҳукумати вакиллари терроризм фаразларини сусайтириб кўрсатишга уриндилар.

Бироқ, Британия махсус кучлари терговига кўра, самолётга юклар ортилаётган вақти бомба ўрнатилгани эҳтимоли жуда катта.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Франциялик мутахассисларнинг "қора қутилар"га таяниб хулоса қилишларича, парвоз бенуқсон бўлган, фожеа эса тўсатдан юз берган.

Ҳозирда Шарм аш-Шайх аэропорти ходимлари орасида террорчи гуруҳ аъзоси ишлаётган бўлиши мумкин деган хавотирлар юзага келган.

5 ноябрда Миср ҳукумати ҳеч қандай изоҳсиз Шарм аш-Шайх аэропорти директорини ишдан олди.

Унинг эртасига Россия Президенти Владимир Путин Мисрга парвозларни тўхтатди ва у ердаги 45 минг россияликларни ватанга қайтишлари учун чоралар кўрилишига буйруқ берди.

Аввалроқ Британия ва қатор бошқа давлатлар худди шундай чораларни кўришган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio