‘Менга ифлос мусулмонсан дейишган’

Бу гапни Британияда яқинда ўтказилган сўров иштирокчиларидан бири айтган.

Янги сўров натижаларидан аён бўлишича, ишловчиларнинг учдан бир қисмига яқини ўз иш жойларида ирқий камситилишган ёки бу каби ҳолатга гувоҳ бўлишган.

Бундан ташқари, оқ танли ходимлар билан таққосланганда, бизнинг қадримиз пастроқ, дейдиган қора танли, осиёлик ва бошқа миллат вакилларининг сони ҳам оз бўлмаган.

Дейлик, уларнинг ярмидан кўпроғи худди шундай ўйда эканлар.

Бунинг аксича, британ идораларидаги оқ танли ходимларнинг 71 фоизи ўз иш жойларида ҳурматлари ниҳоятда баланд эканини айтишган.

Янги сўров Британиядаги “Business in the Community” жамғармаси томонидан ўтказилган.

Сўров жараёнида иш жойидаги ирқий камситилишлар борасида 24.000 дан ортиқ кишининг фикри ўрганилган.

Бу каби натижаларни қўлга киритаркан, жамғарма британ ҳукуматини ирқий тенгликни тарғиб этиш йўлида кўпроқ иш қилишга ундаган.

Британ парламенти аъзоларини эса, турфа хиллилик деганда одамларнинг ирқини ҳам кўзда тутиш, ширкатлар бу хусусда амал қилиши лозим бўлган тартиб-қоидаларни ўзгартиришга даъват қилган.

“Ифлос мусулмон”

Ўз исм-шарифининг ошкор этилмаслигини илтимос қилган 26 ёшли сўров иштирокчиларидан бирининг иқрорларига таянилса, уни ўз иш жойида “ифлос мусулмон”, деб чақиришган.

“Мени ифлос мусулмонсан деб, ишлатган жиҳозимдан фойдаланишни исташмаган”, - деб айтган суҳбатдош.

“У ходим бу ҳақда бошқа ҳамкасбимга айтган. У эса, бу одамнинг мен эканимдан бехабар бу ҳақда ўзимга айтиб қўйган”.

Бу сўров иштирокчисининг айтишича, ўтган йили ҳам иш жойида ўзини ирқий камситилган, деб ҳисоблаб, бир ҳамкасби билан урушиб ҳам қолган.

“Ундан бир нарса олиб турувдим. Кейин қаерга қўйганимни эслолмадим. Фақат бир ҳафтадан кейин қайтириб беролдим, холос”.

“У эса, бунинг натижасида бошимга ўдағайлаб келиб, бўғзимдан олди. Менга дўқ-пўписа қилишни бошлади. У менинг бўғзимдан шундай кўтариб олгандики, оёғим, ҳатто, ерга тегмасди”.

Ана шу ҳодисадан кейин иш жойимда ўзимни шунчалик ҳимоясиз ҳис қилдимки, деб айтган у.

Ҳимоя истаб

“Мени ҳақорат қилишганида, бу ҳақда бошлиқларимга айтганман. Чора кўришларини истаганман. Аммо кейин ортиқча бошоғриқ бўлиб, ҳаётимни оғирлаштириб юбормасимикан, деб ҳам ўйлаганман. Улар эса, ҳаммасини унутишимни тавсия қилишган. Бунинг ортидан эса, ўзимни янада ёмонроқ ҳис қилганман”, - дея сўзларида давом этган у.

Бу сўров иштирокчисининг айтишича, бошига тушган бу каби кўргўликлар ортидан, бошқа ишга ўтиш ҳақида ҳам ўйлай бошлаган.

Аммо қандай аҳволда эканини ўйлаб, бу каби ниятидан қайтишга мажбур бўлган.

Унинг айтишича, ишхонасидаги дўстларининг қўллови ўзини қайта тутиб олишига ёрдам берган.

“Шуниси яхшики, ишхонамда душманларимдан кўра дўстларим кўп. Шу нарса мени ушлаб туради. Чунки биз ниҳоятда қалин ўртоқлармиз. Улар мени ҳар доим қўллашади. Мен учун туриб беришади”, - дейди бу сўров иштирокчиси.

Унинг энг сўнггида айтишича, иш жойларида бу каби камситишларнинг олдини олиш учун кўпроқ иш қилинмоғи керак.

“Бошлиқлар ҳар қандай кўринишдаги таҳдид, таҳқир ва камситилишларга чек қўйишлари шарт”, - дея сўзларига якун ясаган бу суҳбатдош.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ