"Франция ИДни йўқ қилишга бел боғлаган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption "Исломий давлат"ни йўқ қиламиз...

Франция президенти Франсуа Олландга кўра, унинг мамлакати ўзини "Исломий давлат" деб атайдиган гуруҳни йўқ қилишга бел боғлаган.

У конституцияга ўзгариришлар ва фавқулодда вазият муддатини яна уч ой чўзишга доир қонун лойиҳасини тақдим қилишини айтган.

Шунингдек, Франциянинг Ироқ ва Сурияда "Исломий давлат" деб аталувчи гуруҳга қарши ҳарбий амалиётлари кучайтирилади.

Франция Бош вазири Мануэл Валсга кўра, Парижга жангариларнинг ҳужумлари Сурияда режаланган ва ташкиллаштирилган.

Унинг ишонишича, Франция ва бошқа Оврўпо давлатларида ҳам янги террор ҳужумлари режалаштирилмоқда.

Душанба куни Валс жанобларига кўра, Франция бўйлаб жангариликда шубҳаланган шахсларни топиш учун 170га яқин рейд уюштирилган.

Ҳозирга қадар 23 киши ҳибсга олинган, ўнлаб қурол-яроқ мусодара этилган.

Париждаги ҳужумлар чоғи 129 инсон қурбон бўлган эди.

Франция ва бошқа қатор мамлакатларда бугун бир дақиқалик хотира сукути сақланган.

Исломчи гуруҳ ҳужумлари ортидан йирик қидирув амаллари йўлга қўйилган.

Полиция Брюсселда туғилган 26 яшар Салоҳ Абдусаломни асосий шубҳаланувчи деб эълон қилган.

Хабарларга кўра, у ҳужумлардан аввал полиция томонидан тўхтатилиб, кейин қўйиб юборилган.

Айни пайтда Франция ҳарбий учоқлари ўзини “Исломий давлат” деб атайдиган гуруҳнинг Раққадаги қароргоҳини бомбалаган.

ИД Париждаги ҳужумлар учун масъулиятни ўз зиммасига олиб баёнот берган эди.

Жаноб Валсга кўра, Франция алоҳида террорчи гуруҳ эмас, балки “террорчи армия” билан рўпара келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Police Nationale
Image caption Асосий шубҳаланувчилардан бири - Салоҳ Абдусалом

Париж ҳужумларида шубҳаланганлар:

Салоҳ Абдусалом, 26 ёш – полиция зудлик билан қидирувни бошлаган

Муҳаммад Абдусалом – Белгияда ҳибсга олинган

Браҳим Абдусалом, 31 ёш – Батаклан концерт саройида қурбон бўлган

Умар Исмоил Мостефай, 29 ёш, Париж яқинидан – Батакланда ўлган

Билол Ҳадфи, 20 ёш - Stade de France стадионида ўлган

Яна тўрт жангари ҳужумлар саҳнида қурбон бўлган

Сиз Париждамисиз? Ўз муносабатингизни билдирмоқчи бўлсангиз, биз билан боғланинг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ