«А321 учоғи теракт сабабли ҳалокатга учраган»

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption "A321 учоғи террорчилик амали оқибатида ҳалокатга учраган"

Россия Федерал Хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортниковга кўра, "Когалимавиа"га тегишли А321 учоғининг Мисрда ҳалокатга учрашига теракт сабаб бўлган.

Бу ҳақда у президент Владимир Путин билан учрашувда маълум қилган.

"Мутахасисларимизга кўра, учоққа ўрнатилган қўлбола ускуна портлаган. Портловчи 1 кг тротилга тенг бўлган. Натижада учоқ парвоз пайти бўлиниб кетган. Буни учоқнинг парчалари қанчалар узоқ масофага сочилиб кетгани ҳам тасдиқлайди», деб айтган у.

ФХХга кўра, портловчи ускуна хорижда чиқарилган.

«Бу аниқ террорчи амал бўлган», деб айтган Александр Бортников президент билан учрашувда.

Владимир Путин учоқ ҳалокатини «энг қонли жиноятлардан бири» деб атаган.

У айбдорларни «топиш ва жазолашга» ваъда берган.

"Биз жонимиз ва юрагимиздан кўз ёшларни артмаймиз.Бу биз билан абадий қолади. Аммо айни ҳолат бизнинг жиноятчиларни топишимизга ҳалақит бермайди. Буни биз қачон бўлса ҳам қилишимиз, айбдорларнинг номини билишимиз керак. Биз уларни ҳар ерда қидирамиз. Қаерда яширинишларидан қатъий назар, сайёранинг қайси бурчида бўлишмасин, топамиз ва жазолаймиз», деб айтган президент Путин.

Путинга кўра, сўнгги вазиятга мувофиқ, Россиянинг ҳарбий-жанговор учоқлари ҳужуми «нафақат давом этиши, балки кучайтирилиши ҳам керак. Жиноятчилар бир нарсани тушунишсин, қасос муқаррардир».

Ўзини «Исломий давлат» деб атовчи гуруҳнинг жангарилари бир эмас, икки марта Россия учоғини ўзлари уриб туширганлари ҳақида даъво қилишганди.

Аввалроқ, бир қатор халқаро мутахассислар ва расмий мулозимлар Россия учоғи ҳалокати унда рўй берган портлаш билан боғлиқлигини айтишганди.

Айни тахмин муаллифлари, Россия Суриядаги ҳарбий амалиёти учун «Исломий давлат»нинг жавобини олмоқда деган фикрда собит қолишаётганди.

Аммо Россия мулозимлари, жумладан Путиннинг сўзчиси Дмитрий Песков ҳам бу каби тахминларни рад этишганди.

Шунга қарамай, Россия Мисрга ҳаво қатновини тўхтатиб қўйганди.

A321 учоғи 31 октябр куни Шарм ал Шайхдан Санкт-Петергбургга қараб парвоз қилган, аммо Синай ярим ороли осмонида ҳалокатга учраган эди.

Учоқда бўлган барча йўловчилар ва экипаж аъзолари, жами 224 киши қурбон бўлган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ