Путин: 'Россия Сурияда Асадга қанча керак бўлса, шунча қолади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Путиннинг айтишича, Россия Сурияда халқаро террорчиликка қарши курашмоқда

Президент Путиннинг айтишича, Россия кучлари Башар Асад қанча муддат қўллаб-қувватловга муҳтож бўлса, шунча муддат Сурияда қолади.

"Башар Асад кучлари ҳужум амалиётларида ҳаводан дастакка эҳтиёж сезаркан, Россия авиацияси Суриядаги амалиётларини давом эттиради", -деб айтган жаноб Путин.

У бу ҳақда Туркия ва Россия оммавий ахборот воситаларига берган интервюсида гапирган.

"Суриядаги амалиётларнинг муддатига келсак, - деган Путин, - Россия кучлари олдига аниқ мақсад қўйилган-Сурия армиясининг террорчиларга қарши ҳужумларида ҳаводан дастак бериш. Ҳарбийларимизнинг қанчалик узоқ қолиши истисноли тарзда ана шу мақсадга эришилишига қараб белгиланади".

Россия раҳбари яна бир марта Суриядаги амалиётлардан мақсад "Асадни қўллаб--қувватлаш эмас, балки халқаро террорчиликка қарши кураш" эканини урғулаган.

Жума куни Россия мудофаа вазирлиги Суриядаги Ҳарбий-фазо кучлари амалиётида жаъми 34 та қўмондонлик пункти, 184 та истеҳком, иккита қурол-яроғ заводи ва учта жамлоқ вайрон қилингани ҳақида ҳисобот берган.

Аммо бу нишонларнинг ҳаммаси "Исломий давлат"га тегишли ёки йўқлигига аниқлик киритилмайди.

Россия сентябр охиридан буён Сурияда ҳаво зарбаларини амалга ошириб келади.

Мудофаа вазирлигининг ҳисоботларига ишониладиган бўлса, ҳозирга қадар 137 та жанговар учиш амалга оширилган.

Уларда Алеппо, Дамашқ, Идлиб, Латакия, Раққа, Хама ва Хомсдаги 448 иншоот нишонга олинган.

Аммо Bellingcat журналистик тадқиқот гуруҳи расмий рақамларни савол остига олади.

Гуруҳнинг очиқ манбаъларда эълон қилинган маълумотларга таяниб айтишича, аслида Россиянинг ҳаво зарбалари "Исломий давлат"га алоқаси бўлмаган иншоотларни нишонга олган.

Бундан ташқари, гуруҳ геолокация ёрдамида бомбалар Россия мудофаа вазирлиги айтаётган нишонларга эмас, балки бутунлай бошқа жойларга тушганини аниқлаган.

Москва бу даъволарни рад этади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio