Париж ҳужумлари: Бир ҳужумчи шахси аниқланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Концерт залидагиларга танламасдан ўт очилган

Парижда 129 одамни ўлдирган ва 350 одамни яралаган етти ҳужумчидан бирининг шахси аниқланган. Франция полициясига кўра, ҳужумчилардан бири 29 ёшли Омар Исмоил Мостефай бўлиб, у асли жазоирлик Франция фуқаросидир.

Шанба тонгида унга яқин бўлган олти киши қўлга олинган.

Полиция икки ресторанга қарши ҳужумда қўлланилган қора Сеат машинасини ҳам топганини айтди.

Францияда уч кунлик мотам эълон қилинган.

Якшанба куни Парижнинг Нотр Дам черковида қурбонларнинг оилалари ва омон қолганлар учун махсус ибодат маросими бўлиб ўтади.

Жума куни юз берган ва Исломий Давлат масъулиятни қабул қилган ҳужумларда Париждаги концерт зали, йирик стадион, ресторанлар ва барлар нишонга олинган.

Бош Вазир Мануэл Вальс Исломий Давлатнинг "жуда яхши ташкиллашган гуруҳ" дея тасвирлади ва Франция Суриядаги ИДга қарши ҳаво ҳужумларини давом эттиришини билдирди.

Президент Франсуа Олланд Туркиядаги Йирик 20 саммитидаги иштирокини бекор қилган ва ҳозирда қатор раҳбарлар билан мажлислар ўтказмоқда.

Майда жиноятчи

Хабарларга кўра, Мостефайнинг шахси 80 кишининг ўлими билан якун топган Батаклан концерт залида топилган бармоқ ёрдамида аниқланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Францияда уч кунлик мотам эълон қилинди

У Парижга 25 чақирим масофада жойлашган Куркурон шаҳридан бўлган. Маҳаллий депутатнинг айтишича, Мостефай 2012 йилгача яқин орадаги Шартре шаҳрида яшаган.

У Шартрега яқин жойлашган масжидга мунтазам равишда боргани айтилади.

Хабарларга кўра, Мостефай майда жиноятлар билан бир неча бор қўлга олинган, аммо бирон марта ҳам қамалмаган. Хавфсизлик кучлари уни 2010 йилда радикаллашган дея қайд қилишган, лекин у аксил-террор хизматлари томонидан тергов қилинмаган.

Полиция у 2014 йилда Сурияга сафар қилгани ё қилмаганини аниқлашга уринмоқда.

Ҳозирда қўлга олинган олти киши орасида унинг отаси, акаси ва келинойиси борлиги айтилади.

"Бу телбалик, беъманилик. Мен ўзим кеча кечқурун Парижда эдим, у ердаги бошбошдоқликни ўзим кўрдим", - деб айтган Мостефайнинг акаси қўлга олинишидан аввал.

У оилавий можаро туфайли укаси билан бир неча йилдан бери алоқаси бўлмагани, аммо айни дамда ўз укасининг радикаллашгани ҳақида эшитиб ҳайрон қолганини билдирган.

Унга кўра, укаси оиладаги олти фарзанддан бири бўлган, ҳамда ўз оиласи ва қизи билан Жазоирга сафар қилган.

Бельгия алоқаси

Айни дамда ресторанларга қарши ўт очишда қўлланилган қора Сеат машинаси Парижнинг шарқий Монтрей мавзесида топилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи LE MONDE
Image caption Батаклан концерт залидагилар турли йўллар билан қочишга уринганлар

Франция ва Бельгия чегарасида уч киши ҳибсга олиниши ортидан, Бельгия алоқаси ҳам тергов қилинмоқда.

Париж бош прокурорига кўра, Батакланда топилган Фольксваген Поло машинаси Бельгия номерларига эга бўлган ва Бельгияда яшаётган Франция фуқароси томонидан ижарага олинган бўлган.

Мазкур Франция фуқароси шанба тонгида бошқа машинада икки йўловчиси билан Бельгияга ўтишга уринганида полиция томонидан қўлга олинган.

Айтилишича, бу уч киши ҳужум саҳнасидан қочишга муваффақ бўлган гуруҳ бўлиши мумкин.

Бош прокурорга кўра, ҳужумлар ортида ўзаро мувофиқлашган учта гуруҳ турган бўлиши эҳтимоли катта.

"Биз улар қаердан келганлари ва қандай молияланганларини аниқлашимиз керак", - деб айтган у.

Греция расмийлари тасдиқлашларича, Стад де Франс стадиони ёнида ўзини портлатган ҳужумчилардан бири ёнида топилган Сурия паспорти ўтган ой Грециянинг Лерос ороли орқали Оврўпога кирган шахсда бўлган.

Францияда Иккинчи жаҳон урушидан бери энг йирик дея кўрилаётган ҳужумлар туфайли Президент Олланд фавқулодда вазият эълон қилган.

Исломий Давлат "эҳтиёткорлик билан танланган" нишонларга ҳужумни амалга оширгани ва бу Франциянинг Сурия ва Ироқдаги ИД жангариларига қарши ҳаво ҳужумларига жавоб эканини айтиб чиқди.

Сиз Париждамисиз? Ўз муносабатингизни билдирмоқчи бўлсангиз, биз билан боғланинг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio