"Россия амалиёти Суриядан қочқинларни кўпайтиради"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Оврўпо Кенгаши президенти Доналд Тускнинг айтишича, Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётлари Оврўпога интилаётган қочқинлар сонини оширмоқда.

Туркияда ўтаётган Йирик 20 саммитида гапира туриб жаноб Туск Россия "мўътадил Сурия мухолифати" эмас, балки Исломий Давлат жангариларига кўпроқ эътибор қаратиши кераклигини айтди.

Россия ИДга қарши ҳаводан ҳужумлар қилаётганини айтади.

Аммо, Ғарбда кўплар Москванинг асл мақсади ўз иттифоқчиси Президент Башар Ассадни қудратда ушлаб туриш эканига ишонадилар.

Йирик 20 раҳбарларининг саммити асосан иқтисодий мавзуларни муҳокама қилади, аммо Анталяда ўтаётган бу икки кунлик учрашув бу сафар Париждаги қонли воқеалар соясида қолди.

ИД Парижда 129 одамни ўлдирган ҳужумлар учун масъулиятни ўз бўйнига олди.

Жаноб Тускка кўра, АҚШ ва Россиянинг Суриядаги ИДга қарши курашдаги ҳамкорлиги ўта муҳимдир.

Қочқинларнинг янги тўлқини

Туск жанобларига кўра, Россиянинг амалиётлари "қочқинларнинг янги тўлқини"га сабаб бўлади.

"Аслида бу аллақачон бошланганига ишораларни кўряпмиз", - деди у.

ИД Сурия ва Ироқнинг катта қисмларини ишғол қилган. Оврўпога мисли кўрилмаган сонда етиб келаётган қочқинларнинг аксари айнан шу икки мамлакатдандир.

Президент Барак Обама Париждаги фожеа ҳақида гапира туриб, у бутун жаҳонни нишонга олгани, ҳамда Суриядаги фуқаролар урушига якун ясаш ҳаракатларини "икки баравар" оширишини айтди.

У Суриядаги можаро борасида фарқли фикрга эга бўлган ҳамкасби Владимир Путин билан қўл сиқишди.

Телевизион кадрларда намоён бўлишича, икки президент Йирик 20 саммити четида икки-томонлама учрашувларни ҳам ўтказганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio