Париж ҳужумлари қурбонлари ким эди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA LinkedIn
Image caption Қурбонлар: Ник Александр ва Валентин Рибе

Париж ҳужумларида нобуд бўлган 129 одам ҳақида маълумотлар юзага чиқмоқда.

Франция ҳукумати бу маълумот учун махсус телефон рақамларини эълон қилди - 0800 40 60 05. Бедарак кетган шахслар қайд этилиши учун вебсайт ҳам очилган.

Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқлардаги қатор шахсларнинг саҳифалари билан ҳам ўртоқлашди.

Британиялик Ник Александр Батаклан концерт залида ҳалок бўлгани тасдиқланди. У Eagles of Death Metal мусиқий гуруҳининг тарғибот маҳсулотларини сотиш билан шуғулланган. Унинг ёнида бўлган қиз дўсти икки оёғидан яраланган ва Никнинг нобуд бўлганига гувоҳ бўлган.

#rechercheParis (Парижни қидириб) ва #rechercheBataclan ҳаштаглари бедарак кетганларнинг исмлари ва суратларини тарқатиш учун қўлланилмоқда.

Твиттерда @recherche_Paris аккаунти ҳам очилган.

Қурбонларнинг исмлари ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий хабар агентликлари томонидан тарқатилмоқда. Улар орасида қуйидаги шахслар бор:

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Парижда хавфсизлик чоралари кучайтирилган

Джамила Ҳуд, 41 ёшида, Париж ғарбидаги Дрю туманидан.

Томас Аяд, 34 ёшида, Амйен шаҳридан. У Universal Music France ташкилотида ишлаган ва Батаклан концерт залига икки ҳамкасби билан борганди.

Унинг ташкилотида ишлайдиган яна икки шахс Твиттерда Мари ва Ману дея эълон қилинди, аммо фамилиялари берилмади.

Франциялик футболчи Лассана Диарра Твиттерда ўз амакиваччаси Аста Диаките отишмаларда ҳалок бўлганини ёзди. У Аста унга "катта опадек" бўлганини айтди. Диарранинг ўзи ҳужумлардан бирига саҳна бўлган Stade de France стадионида Олмонияга қарши тўп сураётганди.

Седрик Мауди Нормандия вилоятидаги Калвадос шаҳри ҳокимияти ходими бўлган. У беш дўсти билан Батакландаги концертга келганди.

Матю Ҳош France 24 телеканалида журналист бўлиб ишлаган. Унинг ҳамкасби Матю ёш бўлгани ва бир олти ёшли ўғилнинг отаси бўлганини ёзди.

Лола Салинес ҳам Батакланда ҳалок бўлган. Унинг отаси аввалига уни Твиттерда қидирувга эълон қилди, сўнгра қизи ўлганини тасдиқлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Мамлакат бўйлаб уч кунлик мотам эълон қилинди

23 ёшли Элоди Брюл концертда дўстлари билан бўлган ва нобуд бўлган.

Лондоннинг нуфузли LSE (Лондон Иқтисод мактаби) олийгоҳи битирувчиси Валентин Рибе ҳалок бўлганини собиқ курсдошлари Твиттерда эълон қилишди.

Талафотлар орасида кўпгина хорижий фуқаролар ҳам бор.

АҚШнинг Калифорния штатидан бўлган 23 ёшли Ноҳеми Гонзалеснинг ҳалок бўлгани университети томонидан чиқарилган баёнотда айтилди. У бир неча кун аввал Фейсбукдаги саҳифасида буткул нотаниш тилда 3D ясашни ўрганаётгани нақадар қийин экани ҳақида ёзганди.

Бельгия икки фуқароси талафотлар орасида эканини билдирди, аммо исм-шарифларини очиқламади.

Швеция ташқи ишлар вазирлиги ўзининг бир фуқароси нобуд бўлгани ва яна бир нечаси жароҳат олганини айтган.

Руминия ҳукумати эса икки фуқароси жон берганини билдирди.

Икки мексикалик аёл ҳалок бўлишганини Мексика ҳукумати эълон қилди.

Испания газеталари 29 ёшли испан фуқароси Алберто Гонзалес Гарридо Батакландаги концертда ҳаётдан кўз юмганини хабар қилишди.

Ҳалок бўлганлар орасида ўз дўстларининг туғилган кунини нишонлашга чиққан тунислик икки опа-сингиллар ҳам бўлишган. Улар 34 ва 35 ёшларда эдилар.

Чили фуқаролари Луис Фелипе Шох Валле, ҳамда Патриция Сан Мартин ва унинг қизи Элса Вероник Делплас Сан Мартин ҳам нобуд бўлганлар.

Португалиядан Парижга кўчиб ўтган 63 ёшли португал шахс ўлгани ҳам тасдиқланди. У Stade de France яқинидаги портлашлардан бирида ҳалок бўлган.

Сиз Париждамисиз? Ўз муносабатингизни билдирмоқчи бўлсангиз, биз билан боғланинг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio