Франция: 115000 хавфсизлик ходими ишга солинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Франция Ички ишлар вазири Бернард Казновнинг билдиришича, жума куни Парижда юз берган ҳужумлар ортидан мамлакат бўйлаб 115000 хавфсизлик ходими сафарбар қилинган.

Айни дамда ҳужумчилардан бири экани ишонилган Салаҳ Абдеслам топилганича йўқ.

"Биз француз халқининг хавфсизлигини таъминлаш учун бутун миллий ҳудудимиз бўйлаб 11500 полициячи, жандарм ва ҳарбийларни ишга солдик", - деди у.

У 2007-12 йиллар ўртасида 17 фоизга тушиб кетган полиция молиясини кўтаришни ваъда қилди.

Жаноб Казновга кўра, душанбадан сешанбага ўтар кечаси жангариликда гумон қилинган шахсларга қарши 128та рейд уюштирилди.

Душанба куни ўтказилган 160дан ошиқ рейдда 23 одам ҳибсга олинган ва ўнлаб қуроллар мусодара этилган.

Франция матбуотида ёзилишича, рейдлар чоғида Парижнинг Бобини мавзесида ҳужумчилар яшаб келган уй топилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Шунингдек, Франция тун оша яна Исломий Давлат нишонларига ҳаводан ҳужум қилди.

Россия ҳам "Исломий давлат"нинг Суриядаги қароргоҳларига кучли ҳужумлар қилган.

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу бу ҳужумларда узоқ масофани қамраб оладиган бомбардимон учоқлар ва қанотли ракеталар ишга солинганини тасдиқлаган.

Парижда "Исломий Давлат" масъулиятни олган ҳужумларда 129 одам нобуд бўлган эди.

Франция Президенти Франсуа Олланд келгуси ҳафта Вашингтон ва Москвага сафар қилиб, икки мамлакат раҳбарлари билан музокаралар олиб бориши кутилади.

Париж ҳужумлари туфайли Франция ва АҚШ Исломий Давлатга қарши ҳаво ҳужумларидаги ҳамкорликларини оширганлар.

Бельгия

Ҳозирда гумондор саналган Салаҳ Абдесламни топиш бўйича кенг қидирув бошлаб юборилган.

У чегара оша ўзи туғилиб ўсган Бельгияга қочиб ўтгани ишонилади. Бельгия полицияси унинг суратларини тарқатган.

Полиция Абдеслам ҳали қўлга олинмагани туфайли террор таҳдиди даражасини кўтарган. Бугунга режаланган Испания ва Бельгия миллий жамоалари ўртасидаги футбол матчи ҳам айни сабабдан бекор қилинди.

Дам олиш кунларида Бельгияда етти киши қўлга олинган. Уларнинг иккисига қарши душанба куни "террор амалида иштирок этиш" айби қўйилди.

Қолган беш нафари озод қилинган. Озод қилинганлар орасида ҳозирда қидирувга берилган Салам Абдеслам ва ўзини портлатган Браҳим Абдесламларнинг акаси Муҳаммад Абдеслам ҳам бор.

Бельгия полицияси асли марокашлик Бельгия фуқаросини ҳужумларни уюштиришда гумон қилаётгани айтилади.

27 ёшли Абделҳамид Абуд Брюсселнинг Моленбек мавзесидан бўлиб, ҳозирда Суриядаги ИД сафида жанг қилмоқда.

Сиз Париждамисиз? Ўз муносабатингизни билдирмоқчи бўлсангиз, биз билан боғланинг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio