Париждаги хонадон рейдида икки киши ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Париж полицияси жума кунги ҳужумларни уюштиришда шубҳа қилинган шахс яширингани ишонилган хонадонга етти соатлик рейд ўтказиши оқибатида икки киши ҳалок бўлган.

Бир аёл ўзини ҳудкушлик белбоғи билан портлатиб юборган, бошқа гумондор эса отишмада нобуд бўлган. Етти киши ҳибсга олинган.

Аммо, энг асосий гумондор Абделҳамид Абауднинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Асли марокашлик бўлган Бельгия фуқароси Абауд аввалига жума ҳужумларини Суриядан бошқаргани айтилганди, аммо прокуратурага кўра, у Парижда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Франция ҳукумати ҳужумларда ўлган 129 қурбонларнинг барчасининг шахсини аниқлаганини билдирди.

Рейд маҳаллий вақт билан соат 04:20да Париж шимолидаги Сан Дени мавзесида бошланди. Бу ҳудудда жойлашган стадион ёнида жума куни ҳудкушлик ҳужумлари юз берганди.

Амалиёт тугаши ортидан гапирган прокурор Франсуа Молен рейдга Абауд шу хонадонда эканига ишора қилган телефон суҳбатлари ва кузатувлар асос бўлганини айтди.

Прокурорга кўра, француз телевидениеси Абауднинг қариндоши деб атаган аёл рейд бошланишидан кўп ўтмай ўзини портлатиб юборган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Жаноб Моленга кўра, бошқа гумондор гранаталар ва полиция ўқларидан ўлган.

Айни квартирада яна уч киши ҳибсга олинган. Яна икки нафари йиқилган деворлар остида яшириниб ётганда топилган, улар орасида шу уйни ижарага берган шахс ҳам бор. Улар ҳам қўлга олинганлар.

"Ким ҳибсга олинганини айтишнинг имкони йўқ. Уларнинг шахсини аниқлаш жараёни кетяпти. Ким ким эканини аниқлаш учун барча чоралар кўрилади", - деди у.

Амалиёт бошланар экан, Сан Денидаги Републик кўчасини аскарларга тўла юк машиналари ва қуролли полиция тўсиб қўйган.

Ичкарида қолишлари буюрилган маҳаллий аҳоли вакиллари мунтазам равишда отишма ва портлашлар овозларини эшитганларини айтишди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Жума куни барлар ва ресторанлар, концерт зали ва Стад де Франс стадионини нишонга олган ҳужумларда 400дан ошиқ одам жароҳат олди, уларнинг 221 нафари ҳали ҳам касалхонада, 57 нафари реанимацияда қолмоқда.

Ҳужум учун ўзини Исломий Давлат дея атайдиган жангари гуруҳ масъулиятни қабул қилган.

Оврўпо давлатлари ўта ҳушёр тортганлар. Сешанба оқшомида Германия ва Голландия ўртасидаги ўртоқлик футбол матчи бекор қилинган, ҳамда Air France ҳаво йўлларининг Парижга учган икки самолёти бомба таҳдиди туфайли зудлик билан АҚШда қўнишга мажбур бўлганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio