Мали:'Ал-Қоида' қўлида тутқун қолмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa
Image caption Мали кучлари меҳмонларни қутқармоқда

Мали пойтахти Бамакодаги Radisson Blu меҳмонхонасида жангарилар гаровга олган тутқунлар махсус амалиёт натижасида озод қилинган.

Аммо гаровга олиш ва қутқарув жараёнида ҳозиргача 18 инсон нобуд бўлгани айтилмоқда.

Қуролли жангарилар эрталаб сохта дипломатик рақам осилган машинада меҳмонхонага киришади ва у ердаги меҳмонлар ҳамда ходимлар дохил 170 кишини гаровга оладилар.

Ҳужум пайти қочиб қолган шоҳидлар уларнинг "Оллоҳу Акбар!" деб қичқиришганини айтишган.

Ҳужумчилар тутқунлар орасидан Қуръон оятларини ёддан билган икки кишини ўша заҳотиёқ қўйиб юборишганди.

Ушбу ҳужум учун масъулиятни "Ал-Қоида" тизимининг Исломий Мағрибдаги "Ал-Мурабитун" гуруҳи ўз зиммасига олди.

Тутқунлар меҳмонхонадан олиб чиқилаётганини айтган воқеа жойидаги журналистга кўра, неча киши омон қолгани ҳали аниқ эмас.

Қутқарув амалиёти

Мали махсус кучлари АҚШ, БМТ ҳамда Франция аскарлари қўлловида қутқарув амалиётини олиб боришган.

АҚШга қарашли бу меҳмонхонада кўпинча хорижийлар қолишади.

Олдинроқ гаровга олинганлар орасида Франция ва Туркия ҳаво йўлларида ишловчи ходимлар, Ҳиндистон ва Хитой фуқаролари борлиги айтилганди.

Ҳозирча жангариларга нима бўлгани борасида маълумотлар йўқ.

Radisson Blu меҳмонхонаси бўйича маълумот олиш учун очилган махсус телефон рақами: +33 170837437

Айни дамда, мазкур ҳужум Париждаги ўтган ҳафта содир этилган зўравонликка алоқадорми ё йўқми, деган саволлар ҳам очиқ қолмоқда.

Мали - Франциянинг собиқ мустамлакаси ва мамлакатда ҳамон Франция кучлари жойлашган.

Улар ҳатто меҳмонхонадаги тутқунларни қутқариш амалиётида ҳам қатнашганлар.

Малидаги жангарилик

Мали шимолида мусулмонлар зич яшашади.

Маҳаллий аҳоли сўфий мусулмонлари бўлишса-да, аммо сўнгги йиллари "Ал-Қоида" тизимига алоқадор жангари гуруҳлар ҳужумлари кучайган.

Ўтган август ойида Малининг Севаре шаҳридаги ҳужумда исломий жангарилар БМТ ходимлари дохил 13 кишини ўлдиришганди.

Бундан тўрт йил бурун Исломий гуруҳлар Тимбукту, Кидал ва Гао каби шаҳарларни Туварег исёнкорлари қўлидан тортиб олишади ва у ердаги сўфий қадамжоларини бузиб, қадимий қўлёзмаларни йўқотишди.

Шу асно Мали шимолида шариат ўрнатилганди.

Кейин энг йирик шаҳар - Бамакони ҳам қўлга олиш ниятларини айтишгач, Малининг собиқ мустамлакачиси бўлган Франция айни гуруҳларга қарши курашга аралашди.

Шимолий Малини Франция Исломий кучлар қўлидан тортиб олгач, назоратни БМТ ва Мали ҳукумати кучларига топширганди.

Бироқ "Ал-Қоида"га алоқаси бор, деб ишониладиган Мали жангарилари ҳамон ўз фаолиятларини тўхтатишмаган.

Шу пайтгача анча номаълум бўлган "Ал-Мурабитун" гуруҳи ҳам шулар жумласидан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки

BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ