Мянмар: Яшм кони ёнида қарийб 100 жасад топилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Мянмар расмийларига кўра, Качин штатидаги яшм(нефрит) конидаги ер кўчкиси остидан қарийб 100 инсоннинг жасади чиқариб олинган, яна 100 тача инсоннинг тақдири номаълум қолмоқда.

Кўчки шанба тонгида Мянмар(Бирма) шимолидаги Хпакант деб номланган жойда рўй берган.

Хпакант дунёдаги энг сифатли яшм(нефрит) минерали ишлаб чиқариладиган ҳудуд деб кўрилади.

Кўчки юз берган пайтда кўплаб кончилар ухлаб ётган бўлганлари хабар қилинган.

Бу жой кон остида бўлиб яшм конидан улкан саноат чиқиндиси улоқтирилгани кўчкини келтириб чиқарган.

Шунингдек, бу жой кўплаб инсонлар чиқиндилар орасидан яшм(нефрит) қолдиқларини қидириб топиш билан рўзғор тебратадиган жой ҳисобланади.

Бутун мамлакатдан одамлар келиб арзимаган ҳақ учун конларда ишлашади.

Табиий офат рўй берган жойга Мянмар Қизил Хоч ташкилоти, армия, полиция ва маҳаллий одамлар жалб қилинганлар, кўчки остида тирик қолганларни топишга умид қилинган.

Хпакант ўт ўчириш идораси расмийсининг "Рейтер" ахборот агентлигига айтишича, якшанба куни кечга бориб 99 жасад топилган, ҳойнаҳой, бу рақам яна ошади.

Об-ҳаво ёмонлашгани қидирув ишларини қийинлаштирган.

Шунингдек, яна кўчки хавфи борлиги айтилган.

Ер кўчкисига олиб келадиган даражадаги кўп саноат чиқиндиси кондан қандай қилиб чиққани сабаби номаълум.

Качин штати билан алоқа яхши эмас ва олинган маълумотни тасдиқлатиш мушкул.

Октябр ойида Global Witness ташкилоти Бирмадаги яшм(нефрит) кончилигидаги вазият ҳақида ҳисобот эълон қилган, бу ҳисоботда 2014 йили мамлакатда 31 миллиард долларлик яшм(нефрит) ишлаб чиқарилгани айтилган.

31 миллиард доллар Мянмарнинг йиллик Ялпи Ички маҳсулотининг деярли ярми деганидир.

Бироқ Global Witnessга кўра, кўрилган фойда оддий одамлар ёки яшм конлари мавжуд штатлар бюджетига етиб бормаган.

Яшм конлари мавжуд ҳудудлардаги оддий одамлар кон эгаларини саломатлик ва хавфсизлик талабларини поймол этишда, бировларнинг заминини тортиб олишда айблайдилар.

Шунингдек, бу конлар атроф-муҳитга ҳам улкан зарар етказаётгани айтилади.

Яшм тоши қадимдан қадрланган.

Самарқандда Амир Темур қабрига ўрнатилган қимматбаҳо қора қабр тоши яшмдан ясалган.

Шунингдек, бугун Британия музейида сақланаётган Мирзо Улуғбекнинг яшил қадаҳи ҳам яшмдан бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ