Бельгия: 22 рейд, 16 ҳибс

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Аммо бельгиялик масъулларга кўра, шунча саъй-ҳаракатларига қарамай, қонли Париж ҳужумларида гумон қилинган шахс – Салаҳ Абдисломни қўлга киритишга муваффақ бўлишмаган.

Бу ҳақда Бельгия федерал прокуратураси матбуот воизи билдирган.

Унинг айтишича, полиция кучлари кеча якшанба куни Брюссель ва Шарлеруа бўйлаб йигирмадан ортиқ рейд уюштиришган.

Бельгия ҳануз террор хавфидан юқори ҳушёрлик ҳолатида қолмоқда. Олий ўқув юртлари, мактаблар ва метро тизими бугун – душанба куни ҳам очилмайди.

Бельгиядаги бу каби ҳолат қонли Париж ҳужумларидан 10 кун ўтиб кузатилмоқда.

Франция пойтахтининг бир нечта нуқтасида уюштирилган мувофиқлаштирилган ҳужумлар 130 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган, 350 нафарини яралаганди.

Хабарларга кўра, Брюсселнинг Моленбик туманидаги рейд чоғида полиция кучлари гумондорларнинг машинасига қарата ўт очишга ҳам мажбур бўлишган.

Улардан бирини яралаб, кейинроқ ҳибсга олишган.

Аммо, масъулларнинг матбуот анжумани чоғида баён қилишларича, якшанба кунги рейдлар чоғида қурол-яроғ ёки портловчи моддалар топилмаган.

Яна “Исломий Давлат” мавзуси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Дунёдаги энг қудратли ва бойвачча бу гуруҳга қарши кураш масаласини муҳокама этиб олиш учун Британия Бош вазири Девид Камерон Парижга етиб борган.

Хабарларга кўра, Девид Камерон аллақачон Франция Президенти Франсуа Олланд билан камида 89 киши қурбон бўлган Батаклан концерт залини бориб кўрган.

Худди шу манзарада француз ҳукуматининг маълум қилишича, қирувчи учоқлар ташувчи Шарль де Голл нақлиёт учоғи Яқин Шарқда шай аҳволга келган ва “Исломий Давлат” гуруҳининг Суриядаги мавқеъларига зарба беришни бошлашлари мумкин.

Полиция кучлари Салаҳ Абдисломнинг ортидан тушишаркан, бутун Бельгия ўтган дам олиш кунлари ёпиқ қолган.

Масъуллар Бельгияда ҳам худди Парижда бўлгани каби мувофиқлаштирилган ҳужумлар уюштирилиши мумкинлигидан хавотирдалар.

Би-би-си қўлга киритган янги маълумотлар эса, Париж ҳужумларига алоқадор, деб кўрилаётган яна бир гумондорнинг М ал-Маҳмуд номи остида Юнонистонга кириб борганига далолат қилмоқда.

Франция полицияси бу шахснинг суратини якшанба куни эълон қилган ва уни топишда кўмак беришларини сўраганди.

Бельгиядаги сўнгги вазият

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Энг сўнгги хабарлардан аён бўлишича, шу дам олиш кунларида Брюсселни қўриқлаш учун полиция кучлари билан бирга аскарлар ҳам сафарбар этилишган.

Аксарият жамоатчилик жойлари ҳувиллаб қолган. Масъуллар шаҳар аҳолисини одам зич жойлардан узоқроқ туришга чақиришган.

Парижда ўзини портлатиб юборган Браҳим Абдислом ва Салаҳ Абдисломнинг биродари бўлган Муҳаммад Абдислом якшанба куни Бельгия телевидениеси орқали чиқиш қилиб, акасини масъулларга таслим бўлишга ундаган.

Шу пайтгача Бельгияда расман уч кишига Париж ҳужумларига алоқадорлик гумони билан айблов қўйилган.

Агар, Франция оммавий-ахборот воситаларининг хабарларига таянилса, Париждаги қонли ҳужумлар тўққиз жангари томонидан уюштирилган, улардан етти нафари ўша туннинг ўзида ҳалок бўлган.

Франция тарихидаги мисли кўрилмагани, деб баҳоланган ҳужумларга масъулиятни Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққанди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ