Эронликлар чодрани кўтарганда...

Image caption Эронлик ёшлар жазо таҳдидига қарамай, шариатга мос келмайдиган аксларини чоп этишди.

Эронликлар Instagram каби ижтимоий тармоқларда расмий гувоҳонамаларни савол остига олувчи саъй-ҳаракатларни бошлаб юборишган.

Форсчада "KarteMeliChallenge" деб аталган ҳаракат доирасида эронлик ёшлар ўзларининг одмигина, ҳижобда тушган оқ-қора рангли суратлари ёнида рангдор, ғарбона услубдаги соч турмаклари ва макияжларини кўз-кўз қилувчи аксларини ҳам чоп этишмоқда.

Йигитлар ҳам давлат ҳужжатлар учун сочларини силлиқ тараб, оқ кўйлак ва қора костюм кийиб суратга тушадилар. Аммо ҳақиқий ҳаётдаги аксларида уларни енгсиз майкаларда, қулоқлари тешилган, сочлари эса турли шаклларга келтирилган ҳолда кўришингиз мумкин.

Бу билан улар давлат ҳужжатларидаги расмларимиз бизнинг кимлигимизни акс эттирмайди, деган муждани беришмоқчи.

Юзлаб эронлик ёш ўз аксларини шу тахлит намойиш этишган.

Лекин Исломий Эрон қонун-қоидаларига биноан "аврати очиқ" расмини жамоатчиликка намойиш этган фуқаро устидан жиноий иш очилиши мумкин.

Айни жазо эҳтимоли боис ҳам ўз суратини қўйганлар сони нисбатан кам бўлса-да, бироқ расмларни томоша қилганлар сони катта. Ҳозиргача 120 мингдан зиёд киши бу аксларни очиб кўрган.

Тақинчоқ тақманг, бўянманг...

Эрон ҳукумати расмий гувоҳнома учун расмга тушадиган фуқароларга аниқ йўл-йўриқ беради.

Эркаклар бош кийим кийиши, кўзойнак, тақинчоқ ё бўйинбоғ тақиши мумкин эмас, сочини ҳам бирон услубда турмаклаши ё бакенбарда, яъни чекка соқол қўйиши ҳам тақиқланади.

Image caption Исломий Эрон эркаклар учун ҳам қатор тақиқларни жорий этган.

Аёллар эса боши ва бўйнини бекитувчи рўмолда расмга тушиши шарт. Ҳижоб гулсиз ва тўқ ранглик матодан бўлиши шарт. Хотин-қизлар учун ҳам расмга тушгунча бўяниш ё тақинчоқ тақиш маън этилади.

Ажабланарли жиҳати, кўпчиликни Эрон меъёрлари бўйича "очиқ-сочиқ" суратларини қўйган ёшларнинг акслари ҳайратлантирмаган.

Аксинча, бу ёшларнинг косметик жарроҳликдан чиққан юзлари ва тана аъзолари кўпчиликнинг энсасини қотирган.

"Суратингизни косметик жарроҳликдан аввалги ва кейинги, деб аташингиз керак экан" - пичинг қилган бир ўқувчи.

"Бирон қизга ўйланмоқчи бўлсанг, аввало унинг расмий ҳужжатдаги расмига боқишинг керак экан. Ўшанга қараб, гул ва ширинлик учун пул сарфлаш керакми ё йўқми - билиб оласан" - ёзилади бошқа бир шарҳда.

Чодрада яширин ранглар

KarteMeliChallenge ҳаракатини бошлаган аёлга кўра, кўплаб эронликлар ўзларининг расмий ҳужжатларидаги суратларини ёқтиришмайди.

"Бу акслар уларнинг кимлигини акслантиролмайди. Шу боис ҳам ҳозир қўйилаётган ўзаро зид суратлари кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда".

Фото муаллифлик ҳуқуқи instagram
Image caption Эронлик бир қизнинг икки хил сурати...

Эронда 1979 йилги Исломий инқилобдан бери хотин-қизлар учун шариатга мос кийиниш шарт қилиб қўйилган.

Аммо сўнгги йиллари хотин-қизлар ўрайдиган рўмоллар борасида чекловлар бироз юмшатилгани айтилади. Хусусан, ёш қизлар бошига ташлаган рўмолларидан баъзида сочлари чиқиб туради ё бўйнилари бироз кўриниши мумкин.

Шунингдек, уларнинг юзларига упа-элик суришлари ёхуд рангдор ҳамда ғарбон шарфларни бошларига ташлаб юришларига ҳам тоқат қилинади.

Сўнгги йиллари кўплаб мусулмонлар жамиятларидаги кузатилаётгани каби Эрон қизлари ҳам ўз авратларини ёпган ҳолда ғарбона бичимдаги кийимларни кия бошлашган.

Кузатувчиларга кўра, бу ўзгаришлар одатда қоп-қора чодрага бурканган шиа Эрон кўчаларига ранг олиб кирган.

Бироқ сўнгги суратлар айни ранглар аслида ҳеч қачон Эронни тарк этмаганини, балки шу пайтгача чодра ортида яширин бўлганини тасдиқлайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ