Туркия Россия учоғига "огоҳлантириш аудиоёзувини" ошкор қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Лавров россияликларга Туркияни тарк этишни маслаҳат бермоқда

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг махсус баёнотида Туркияда шахсий ишлари билан бўлган фуқароларга бу мамлакатни тарк этишни маслаҳат берган.

Вазирликка кўра, россияликлар Туркияга сафар қилишдан ҳам тийилишлари лозим ва аввал берилган бу маслаҳат ҳамон кучда қолмоқда.

Бу каби маслаҳатларга сабаб, Россия Ташқи ишлар вазирлигига кўра, «Туркия ҳудудида террорчилик хавфи сақланиб қолаётгани билан боғлиқ».

Сешанба куни Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Туркияда «террорчи унсурлар тўпланаётгани ва уларнинг сони Мисрдагидан кўра кам эмаслигини» айтган эди.

Туркия ҳарбийлари Россия учоғига берилган огоҳлантиришнинг аудио ёзувини ошкор қилган.

Image caption "Ҳеч ким бизни огоҳлантирмади", дейди Россия учувчиси

Айни огоҳлантириш Россия учоғи уриб туширилмасидан аввал берилгани айтилмоқда.

Инглиз тилида берилган бу огоҳлантиришда “йўналишни зудлик билан жануб томонга олинг”, дейилади.

Туркия мулозимларига кўра, улар кейинроқ уриб туширилган учоқ учувчиларини қутқаришга ҳаракат қилишган.

Учувчилардан бири парашютда ерлаётган вақти отиб ўлдирилган.

Иккинчи учувчи эса қутқарилган.

Айнан шу учувчи ўз учоғи Туркия ҳаво ҳудудига кирмагани ва ҳеч қандай огоҳлантириш берилмаганини айтган.

Сешанба куни Россия ҳарбий учоғи Туркиянинг F-16 қирувчи учоғи томонидан уриб туширилган эди.

Айни ҳодиса икки давлат ўртасидаги муносабатларга жиддий раҳна солган, Россия президенти Владимир Путин Туркияни “орқадан пичоқ уришда” қоралаган эди.

Путин ва Эрдўғаннинг "даҳанаки жангги"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Путин ва Эрдўғаннинг атиги бир неча кун аввал олинган сурати

Президент Владимир Путин эса Туркия Россия учоғини уриб туширгани учун узр сўраши ва ёки учоқ учун товон тўлаши лозимлигини айтган.

У Туркия раҳбарларини ўзаро муносабатларни "боши берк кўчага" киритишда айблаган.

Туркия эса кечирим сўрамоқчи эмас.

Американинг СNN тармоғи билан суҳбатда Президент Эрдўған "...агар кимдир кечирим сўрайдиган бўлса, бу аниқ биз эмас, аслида бизнинг ҳаво ҳудудимизга дахл қилганлар кечирим сўрашсин", деб айтди.

Аввалроқ, Путин жиддий оқибатлар билан ҳам огоҳлантирганди.

Москва Анқара билан ҳарбий ҳамкорлик алоқаларини узди.

Кремлдагилар Сурияга учоқларга қарши ракеталар тизими жойлаштирилиши ва ўз ҳарбий учоқларига ҳар қандай хавфни бартараф этиш билан пўписа қилди.

Россия ҳарбийларига кўра, эндиликда бомбардимончи учоқларга қирувчи учоқлар ҳамроҳлик қилади.

Шунингдек, Россия Туркиядан келадиган озиқ-овқатларга нисбатан кескинроқ текширув чораларини кўради.

АҚШ, Оврўпо Иттифоқи ва БМТ икки давлатни босиқликка чақирди.

Туркия инсонпарварлик ёрдам карвони бомбардимон қилинди

Суриядаги исёнкор гуруҳларга кўра, Россия ҳарбий учоқлари куни бўйи Латакия минтақасидаги нишонларни бомбалаган.

Айни шу минтақада Россия учоғи Туркия томонидан уриб туширилганди.

Исёнкорларга кўра, Россия учоқлари Туркиянинг Суриядаги қочқинларга мўлжалланган инсонпарварлик ёрдами карвонини бомбардимон қилган.

Қурбонлар борлиги ҳақида хабар қилинган.

‘Туркия тажовузи’га қарши чора кўрилсин

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Туркия маҳсулотларига чеклов

Бош вазир Дмитрий Медведев бугун Россия ҳукуматига ана шундай буйруқ берган.

Россиядан олинган хабарлардан аён бўлишича, “бу комплекс чоралар иқтисодий ва инсонпарварлик соҳалари”ни кўзда тутади.

Туркия қарши чекланган жавоб чораларини ишлаб чиқишлари учун Дмитрий Медведев ҳукумат вакилларига икки кун муҳлат берган.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, кўрилажак чоралар муайян вақт билан чекланмайди. Россия Иқтисодий тараққиёт вазири эса, ушбу йиғин чоғида Вазирлар Маҳкамасига “Турк оқими” газ қувури ва “Аккую” атом электр станцияси қурилиши лойиҳаларини тўхтатиб қўйишни таклиф қилган.

Алексей Улюкаевнинг айтишича, Туркияга қарши чоралар Жаҳон Савдо Ташкилоти меъёрлари асосида бўлади.

Аввалроқ, Россия ҳукумати мамлакатдаги масъул идораларга Туркиядан келувчи қишлоқ хўжалиги ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари сифати устидан назоратни кучайтиришга буйруқ берган эди.

Айрим манбаларга кўра, Россияга четдан келувчи барча қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бешдан бир қисми Туркия ҳиссасига тўғри келади.

Россия ҳукуматининг сўнгги қарори ўз қирувчи учоғининг Туркия томонидан Сурия билан ўзаро чегарада уриб туширилишидан саноқли кунлар ўтиб кузатилмоқда.

Ҳозирча, бу қарорга Туркия томонининг муносабати маълум эмас.

Сешанба кунги ҳодиса ортидан бу икки давлат ўртасидаги муносабатлар ниҳоятда таранглашган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ