Путин Туркия ҳақида: "Сафсата ва баҳоналар"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркия ўзи уриб туширган учоқнинг кимга тегишли эканини билмагани ҳақидаги баёнотини Россия томони рад этди.

Франция Президенти Франсуа Олланд билан Москвада ўтган матбуот анжуманида гапирган Президент Путин Россия учоқларини танимасликнинг иложи йўқлигини айтди ва Анқара баёнотини "сафсата ва баҳоналар" дея қоралади.

"Уларнинг рамзлари бор, яхшигина кўриниб туради. Айнан бизнинг учоқларимиз, бошқа ҳеч кимники эмас. Биз америкаликлар билан келишилган ҳолда, учоқларимиз қаерда ва қачон амал қилиши ҳақида аввалдан маълумотларни берганмиз", - деди Россия президенти.

Аввалроқ Франциянинг France 24 телеканалида чиққан Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, агар учоқ Россияники эканини билганларида, турк ҳарбийлари бошқача йўл тутган бўлишлари муқаррарлигини айтган.

Туркия президенти, шунингдек, Су-24 учоғи уриб туширилган сешанбада Владимир Путинга телефон қилиб тушолмаганини айтган.

Бунга муносабат билдирган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга кўра, Туркия президентидан ҳеч қандай қўнғироқ бўлмаган.

АҚШнинг Си-Эн-Эн каналига берган интервьюсида жаноб Эрдўған ўз давлати Россия олдида кечирим сўрамаслигини айтиши ҳам Кремлнинг ғазабини қўзғаган.

Санкциялар

Россия ташқи ишлар вазири Лавровнинг айтишича, Россия уриб туширилган учоқ туфайли Туркия билан жанг қилиш нияти йўқ, аммо ўзаро алоқаларни қайта кўриб чиқади.

"Туркия билан урушга кирмаймиз, турк халқига бўлган муносабатимиз ҳам ўзгармаган, биздаги пайдо бўлган саволлар фақат Туркия ҳукуматига қаратилган", - деди жаноб Лавров.

Пайшанба куни Россия ҳарбийлари турк ҳамкасблари билан мавжуд бўлган барча каналлар, хусусан ҳаводаги бахтсиз ҳодисаларни бартараф этишга қаратилган канални ёпиб қўйишган.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведевнинг айтишича, у ўз ҳукуматига келгуси кунларда Туркияга қарши кенг кўламли иқтисодий санкцияларни ишлаб чиқишни буюрган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги махсус баёнот чиқариб, Туркияда бўлган россияликларга мамлакатни тарк этишни тавсия қилган.

Вазирлик бу каби баёнотига "Туркия ҳудудида сақланиб қолаётган террор таҳдиди" эканини айтди.

Айни дамда Туркия Бош вазири Аҳмат Довутўғлу расмий Анқара "вазиятни тинчлантириш учун Россия ва ўз иттифоқчилари билан бирга иш олиб боради" деб айтган.

Британиянинг Таймс газетасида чоп қилинган мақоласида у Исломий Давлат жангариларига қарши кураш энг асосий вазифа экани, аммо айни дамда Туркия ўз ҳудудини ҳимоя қилишга ҳам ҳақли эканини билдирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio