'Учувчининг жасади Россияга топширилади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Туркия Россиянинг Сурия чегарасида уриб туширилган учоғи учувчиси жасадини қабул қилиб олганини айтган.

Бош вазир Аҳмад Довудўғлининг билдиришича, Олег Пешковнинг жасади Россияга топширилади.

Туркия кучлари турк ҳаво ҳудудига бузиб кирганини айтиб, учоқни уриб туширишган. Ҳодиса икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар таранглашишига олиб келган.

Россия Туркияга қарши иқтисодий жазо чоралари эълон қилган.

Жазо чоралари

Россия Президенти Владимир Путин Туркияга нисбатан иқтисодий, туркларга қарши эса виза тақиқи жазо чоралари ҳақидаги қарорни имзолаган.

Кремлнинг расмий вебсаҳифасида жойлаштирилган матнда айтилишича, бир қатор турк молларининг Россияга киритилиши тақиқланади.

Айни моллар рўйхатини эса ҳукумат тайёрлаб, тақдим этиши керак.

Бу турк моллари қаторидан шахсий фойдаланиш учун олиб кираладиганлари истисно қилинган.

Бундан ташқари, айни қарорга кўра, Туркия ташкилотларига Россияда айрим соҳаларда фаолият қилишга ортиқ йўл қўйилмайди.

Қайси соҳалар айни тақиқ рўйхатига кириши алоҳида кўриб чиқилади.

Россия ширкатларига Туркия фуқароларини ишга олиши ҳам эндиликда имконсиз бир амалга айланади.

Айни қарорда, Туркия билан биртарафлама шаклда визасиз саёҳатлар ҳам вақтинча бекор қилади.

Сайёҳлик ширкатларига эса Туркияга йўлланма сотиш расман тақиқланади.

Бу ҳужжат шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги чартер ҳаво қатновлари тўхтатилишини тақозо этади.

Туркия авто юк ташувчиларини текшириш ҳам кучайтирилади.

Бу жазо чораларининг киритилишига сабаб Россия ҳарбий учоғининг Туркия томонидан уриб туширилиши ҳодисаси билан боғлиқ.

Туркияга кўра, Россия ҳарбий учоғи ўз ҳудудига кирган ва бир неча бор огоҳлантиришларга қарамай, йўналишни ўзгартирмаган.

Россия эса учоқнинг Туркия ҳаво ҳудудига кирганини рад қилади.

Путин бу ҳодисани «орқадан пичоқ уриш» деб таърифлаган ва Туркияни террорчиларга ёрдам беришда айблаган эди.

Россия президенти Туркияни ҳодиса юзасидан кечирим сўрашини талаб қилган, Туркия президенти эса бу талабни рад қилган эди.

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар сўнгги кунларда яқин тарихда мисли кўрилмаган даражада ёмонлашган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ