Греция ва Туркиянинг Твиттер жанги

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Греция Бош вазири Алексис Ципрас Россиянинг уриб туширилган учоғи мавзусида ўз турк ҳамкасби Аҳмат Довутўғлуга Твиттерда ҳамла қилди.

Якшанба куни Ципрас ўзининг Твиттердаги расмий саҳифасида бир неча кинояли твитлар чоп қилиб, хусусан, Довутўғлуга Туркия учоқлари Греция ҳаво ҳудудини бузаётганларини айтган.

"Яхшиямки бизнинг учувчиларимиз русларга қарши чиққанда сизларникидан анча босиқроқ", - дейилади грек бош вазирининг илк твитида.

"Эгей денгизи узра бўлаётган воқеаларга ишониш қийин. Биз ҳаммамиз қурол-аслаҳага миллиардлаб пул сарфлаймиз. Сиз бизнинг ҳаво ҳудудимизни бузиш учун, биз эса сизларни илғаб олиш учун", - дейилади Ципраснинг Туркияга қаратилган яна бир твитида.

Ўзининг кейинги твитида Ципрас жаноблари ўзининг турк ҳамкасбини қурол-аслаҳаларни замонавийлаштиргандан кўра, қочқинлар масаласига асосий эътиборни қаратишни сўраган.

"Биз энг замонавий ҳарбий ҳаво (мудофааси) тизимларига эгамиз, лекин бегуноҳ инсонларнинг чўкишига сабаб бўлаётган одам ташувчиларни ушлай олмаймиз", - деб ёзди Ципрас.

Қисқа жавоб

Довутўғлу Ципрас билан узоқ айтишувга кириб ўтирмади ва фақат унинг биринчи твитига жавоб қайтарди.

"Учувчилар ҳақидаги шарҳлар бугунги кун тартибига мос бўлмаса керак. Алексис, келинг ижобий ишларимизга эътиборни қаратайлик", - деб ёзди турк бош вазири.

Якшанба куни иккала бош вазир Брюсселда Оврўпо Иттифоқи ва Туркия алоқаларига бағишланган саммитда иштирок этишди. Бу саммитда қочқинлар масаласи муҳокама этилганди.

Саммитда Туркияга ўз чегарасида қочқинлар устидан назоратни кучайтириши ва Оврўпода қочқинлик мақомини ола олмаган қочқинларни ўзида жойлаштириши учун 3 миллиард евро миқдорида кўмак таклиф этилди.

Твиттерчилар муносабати

Ципрас ўз твитларини инглиз тилидаги аккаунтидан олиб ташлади, бироқ уларни грек тилидаги саҳифасида қолдирди.

Унга муносабат билдирган бир грециялик шарҳловчи қуйидагича муносабат билдирди: "Ципрас ўзининг твиттер-дипломатия бобидаги маҳоратини намойиш қилди".

"Ципраснинг ўз твитларини ўчириб ташлагани унинг дипломатия соҳасидаги тажрибасизлиги ва ташқи сиёсатдаги йўналишининг йўқлигини кўрсатди", - дейилади яна бир твитда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio