'Тож Маҳал ҳинду эҳроми эмас'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Tern TV

Ҳиндистон ҳукуматининг айни шундай мазмундаги даъво билан чиққан бир гуруҳ ҳуқуқшуносларга жавоби худди шу тариқа бўлган.

Маданият вазири Маҳеш Шарманинг айтишича, ҳукумат уларнинг иддаоларини тасдиқлаши мумкин бўлган бирор бир далил топа олмаган.

Бир гуруҳ ҳуқуқшунослар ўз даъволари битилган петицияни ўтган йил маҳкамага топширишган, Тож Маҳал ҳиндуларнинг эҳроми эканини баён қилишганди.

Ислом архитектурасининг энг ёрқин намуналаридан бири саналувчи Тож Маҳал мақбараси 17-асрда барпо этилган.

Тож Маҳал дунёнинг энг ноёб ва гўзал обидаларидан бири сирасига ҳам киради.

Мақбарани севимли рафиқаси Мумтоз Маҳалнинг ўлими ортидан, унинг хотирасига буюк Бобурий шоҳлардан бири Шоҳ Жаҳон қурдирган.

Ўлими ортидан, Шоҳ Жаҳоннинг ўзи ҳам айни шу мақбарага қўйилган.

Агар, Ҳиндистон томонининг ҳисоб-китобларига таянилса, Тож Маҳални ҳар куни 12.000 га яқин киши зиёрат қилади.

Иддаолар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Тож Маҳал аслида ҳиндуларнинг эҳроми эканига оид даъво билан мақбара бунёд этилган Агра шаҳрилик олти нафар ҳуқуқшунос чиқишган.

Уларнинг иддаоларига қулоқ тутилса, бутун жаҳонга машҳур ушбу обида аслида ҳинд худоси Шивага атаб қурилган ибодатхона бўлган.

Даъвогар ҳуқуқшунослар маҳкамани, худди шу боис ҳам, Тож Маҳални ҳиндуларнинг эҳроми, деб эълон қилишга ундашган.

1953 йилда қуриб битказилган мақбара Бирлашган Миллатлар ЮНЕСКО жамғармаси томонидан "Жаҳоннинг энг ноёб меъморий обидалари" рўйхатига ҳам киритилган.

Мақбара оқ мармарга ярим қимматбаҳо тошлар ўйиб ишланган ва бутун дунёга муҳаббат рамзи ўлароқ танилган.

Тож Маҳални зиёрат қилиш учун Ҳиндистонга йилига жаҳоннинг турли бурчакларидан миллионлаб зиёратчиларнинг келиши айтилади.

Ушбу меъморий обида жаҳоннинг етти мўжизасидан бири сифатида ҳам кўрилади.

Тарихий манбаларда Тож Маҳални тиклаш учун 20 йилдан ортиқ вақт сарфлангани ва унда 20 минг одам ишлагани ёзилади.

Айниқса, қуёш нурида кўзларни қамаштирувчи ушбу мўъжизакор иморат Жамна дарёси бўйида жойлашган.

У баъзан "ёноқдан оқаётган кўз ёши"га ҳам қиёсланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ