Эрдўған: 'Истеъфога кетишга тайёрман, фақат...'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Туркиянинг "Исломий Давлат" гуруҳи жангариларидан нефть сотиб олаётгани тасдиқланса...".

Туркия президентининг бу сўзлари россиялик ҳамкасбининг худди шундай мазмундаги баёнотига жавобан янграган.

"Агар, бу даъволар ўз тасдиғини топса, миллий ғуруримиз менинг худди шундай иш тутишимни тақозо этади", - деб айтган Ражаб Тойиб Эрдўған.

Туркия раҳбарининг сўзлари глобал иқлим ўзгаришига бағишлаб, Франция пойтахти Парижда бўлиб ўтаётган йирик саммит теграсида янграган.

"Биз террорчилардан нефть сотиб олиш даражасида беномус эмасмиз. Агар, бизнинг шундай қилганимизни исботлаб беришса, мен курсимдан кетишга тайёрман. Қўлларида қандайдир исбот-далиллари бўлса, марҳамат, тақдим этишсин, биз ҳам кўрайлик", - деб айтган президент Эрдўған.

Кеча душанба куни Россия Президенти Владимр Путин худди шундай баёнот билан чиққанди.

Владимир Путинга кўра, Туркия "Исломий Давлат" гуруҳи назорати остидаги ҳудудлардан ўтувчи ноқонуний нефть контрабандаси каналларининг хавфсизлигини таъминлаш учун ҳам ўзларининг Су-24 қирувчи учоқларини уриб туширишга қарор қилган.

"Исломий Давлат" гуруҳининг ўзи эса, яқинда Россияда "диний-экстремистик ва террорчи ташкилот", - деб топилган.

Дунёдаги энг қудратли ва бойвачча гуруҳнинг фаолияти ҳам бутун Россия бўйлаб расман тақиқланган.

"Биз "Исломий Давлат" ва террорчи ташкилотлар қўл остидаги конлардан қазиб чиқарилаётган нефтнинг ишлаб чиқариш кўламида Туркияга етиб бораётганини исботлаши мумкин бўлган қўшимча ҳужжатларни қўлга киритдик", - деб даъво қилганди Россия раҳбари.

Расмий Москва бундан аввал ҳам Туркияни жангарилардан нефть сотиб олишда айблаган.

Аммо Туркия изчил равишда Россиянинг ушбу иддаоларини рад этиб келган.

Тарихча ўрнида

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Туркия Россиянинг Су-24 русумидаги қирувчи учоғини ўтган ҳафта Сурия билан чегарасида уриб туширганди.

Ҳодисада учоқнинг икки учувчисидан бири қурбон бўлган, парашютда пастга сакраган икковлонни қутқариш амалиёти жараёнида яна бир россиялик денгиз десантчиси ҳам ҳалок бўлганди.

Қурбон бўлган учувчининг жасади эса, якшанба куни Россияга етказилганди.

Айни шу ҳодиса ортидан бор-йўғи саноқли кунлар ичида бу икки давлат ўртасидаги алоқаларга жиддий дарз етган.

Шанба куни Россия Президенти Владимир Путин Туркияга қатор санкциялар киритишга аҳд қилган ва бу хусусдаги фармойишга имзо чекканди.

Россия раҳбариятининг бу қарори ортидан Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Су-24 қирувчи учоғи билан юз берган ҳодисадан қайғуда эканини айтганди.

Кеча душанба куни эса, расмий Москва ўзининг илк жазо чораларини эълон қилган, Туркиядан келаётган мева ва сабзавотларга тақиқ қўйганди.

Бу пайтда Парижда бўлган президент Эрдўған мамлакати Россиянинг санкцияларига "сабр-тоқат ва совуққонлик" билан жавоб қайтаришини баён қилганди.

Париж саммити бу икки давлат раҳбарининг учрашиб, галашиб олишларига яхши замина яратган эса-да, Россия ҳукуматининг ўзининг бундай режаси йўқлигини маълум қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ