Путин:"Туркия раҳбариятини Аллоҳ жазолади"

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Путин

Туркия ҳукумати Сурияда Россия ҳарбийларининг қурбон бўлишига бевосита масъулдир, деб айтган президент Путин.

Бу ҳақда Россия раҳбари федерал кенгашга мурожаатида сўзлаган.

Айни вақтда у турк халқини Россияга дўст деб билишини айтган.

"Турклар хушфеъл ва иқтидорли халқдир. Дўстларимиз кўп. Биз турк халқи ва қудратдагиларни бир қаторда кўрмаслигимизни билишлари керак. Тепадагилар бизнинг ҳарбийларимиз қурбон бўлгани учун масъулдирлар», деган Путин.

Россия президенти Анқаранинг амалларидан мақсад нима эканини тушунмагани, чунки Москва барча баҳсли масалаларда «мулоқотга тайёр бўлганини» урғулаган.

"Фақат нима учун улар бу ишни қилишди, Аллоҳ билади. Афтидан Аллоҳ қудратдагиларни ақлдан оздириб жазолашни истаганга ўхшайди», деб айтган Россия президенти.

Шунга қарамай, Россия айни масалага «асабий» ёндашмайди, балки масъулият билан иш кўради.

"Аммо кимдир бизнинг одамларимизни ўлдириб, кейин фақат помидорлар тақиқи билан қутулиб қоламан деса, адашади, улар бу амаллари учун кўп афсус қилишади», деб пўписа қилган Путин.

"ИДнинг нефтига Россия харидор, Туркия эмас"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Эрдўған Россияни айбламоқда

Айни пайтда Туркия президенти Ражаб Тайиб Эрдўған унинг ихтиёрида аслида Россиянинг "Исломий давлат" деб аталмиш жангари гуруҳ билан нефт олди-соттисига оид ҳужжатлар борлигини айтган.

"Бизда исбот-далиллар бор. Биз уларни дунёга ошкор қиламиз", деб айтган Туркия президенти.

Эрдўғаннинг айтишича, ИД нефтига энг йирик харидор суриялик бизнесмен бўлиб, унда Россия фуқаролиги бор.

"Ким нефтни сотиб олмоқда? Суриялик Жорж Ҳасваний. Унинг Россия паспорти бор. Бу бизнесда энг йирик ўйинчилардан бири", деб айтган Эрдўған.

Аввалроқ, Путин дохил бошқа Россия мулозимлари, Туркия ва шахсан президент Эрдўған оиласи “Исломий давлат” деб аталмиш жангари гуруҳ билан нефт олди-соттисига аралашган деб даъво қилишганди.

Туркия президенти мамлакатининг "Исломий Давлат" гуруҳи жангариларидан нефть сотиб олаётгани ҳақидаги даъволарни рад этар экан,"биз террорчилардан нефть сотиб олиш даражасида беномус эмасмиз. Агар, бизнинг шундай қилганимизни исботлаб беришса, мен курсимдан кетишга тайёрман. Қўлларида қандайдир исбот-далиллари бўлса, марҳамат, тақдим этишсин, биз ҳам кўрайлик", - деб айтган эди.

Ўтган ой Туркия томонидан Россия қирувчи учоғининг уриб туширилиши икки давлат ўртасида муносабатларни яқин тарихда энг ёмон ҳолатга келишига сабаб бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ