Британия ИДни бомбалашни бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Исломий Давлатга қарши илк ҳужумларда Қибрисдаги қирувчи учоқлар ишга солинди.

Британия парламенти вакиллари Суриядаги ўзини Исломий Давлат, деб атайдиган жангариларга қарши ҳужумларни ёқлаб овоз беришлари ортидан бир соат ўтар-ўтмас Британия Қироллик Ҳаво Кучларига қарашли қирувчи учоқлар Қибрисдаги ҳарбий базадан кўтарилиб, Сурияга илк бомбаларни ташлашган.

Айни ҳужумларда ўзини гўё Исломий Давлат, еб атовчи жангарилар назоратида қолаётган Сурия шарқидаги "Умар" нефт кони нишонга олинган.

Лондон ҳарбий мулозимлари айни амалиётни "муваффақиятли кечди" деб баҳолашмоқда. Бироқ ҳужум тафсилотлари ҳали аниқ эмас.

Чоршанба оқшоми соат 22.30да парламент вакиллари кўпчилик овоз билан ҳарбий ҳужумларин ёқлаб овоз беришди ва соат 23.30даёқ ҳаво зарбалари бошлаб юборилди.

Британия Мудофаа вазирлигига кўра, илк бомба ҳужумлари ўзини Исломий Давлат, деб атовчи гуруҳ учун катта даромад келтирадиган нефть манбаларига қаратилган.

Айни ҳужумларда ракеталар эмас, балки бомбалар ишлатилган. Шу боис уларда ҳаракатланувчи объект ёки шахслар эмас, балки бир жойда турган иншоот ҳамда нишонлар урилгани ҳақиқатга тўғри келади.

Бомбалашдан олдин қирувчи учоқлар узоқ масофадаги нишонлар ва ҳудудларни аниқ кўрсатувчи жонли аксларга қараб ҳаракат қилганлар.

Махсус замонавий жиҳозлар ёрдамида амалга оширилган мазкур амалиётлар бир ерда турган бино ва нишонларни аниқ уриш ҳамда тинч фуқароларга зарар етказмасликни мақсад қилади.

Дарвоқе, Суриядаги ўзини Исломий Давлат, деб биладиган жангариларни бомбалаш керакми ёки йўқми, деган баҳслар Британия парламентида 10 соат давом этди ва бу жараёнда энди ушбу гуруҳни Исломий Давлат эмас, балки Даеш деб аташга ҳам келишилди.

Британия Бош вазирига кўра, мусулмонларни ёмонотлиқ қилаётган бу гуруҳ Ислом динига алоқадор ҳам эмас, давлат ҳам эмас.

Даеш сўзи "дажжол" ёки "шайтон" маъноларини ҳам бергани учун Исломий Давлат жангарилари ўзларига нисбатан бу калимани ишлатишса, ўта ғазабланишади.

Бироқ Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёдаги аксар мусулмон халқлари уларни айнан Даеш деб аташади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ