АҚШ: Мусулмон ҳужумчилар оиласи "шокда"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

АҚШнинг Сан Бернардино шаҳрида 14 одамни ўлдирган мусулмон эр-хотиннинг оила аъзолари "буткул шокда" эканликларини айтишди.

Оила адвокатларига кўра, оила Саид Ризвон Фарук ва унинг аёли Ташфин Малик бу каби ҳужумга қодир эканликларини тасаввур қилмаганлар.

Бироз аввал Федерал тергов бюроси мазкур ҳужум "террор амали" дея тергов қилинаётганини билдирган, аммо оила адвокатлари эрта хулоса чиқармасликка чақиришди.

Чоршанба куни 28 ёшли Фарук ва 29 ёшли Малик Калифорния штати жанубидаги Сан Бернардино шаҳрида базмга йиғилган 80га яқин одамга ўт очганлар.

Ҳужумда 14 одам ҳалок бўлди ва 21 нафари яраланди.

Федерал тергов бюроси ҳужум саҳнасига яқин жойдаги ахлат қутисидан топилган мажақланган икки телефондан маълумот олишга уринаётганини айтди.

Аммо, адвокатлар Девид Чезли ва Муҳаммад Абурашид ҳужумчи жуфтлик экстремистик қарашларга эга бўлганларига ҳеч қандай далил-исбот йўқ дейишмоқда.

Саид Ризвон Фарукнинг опаси Саира Хоннинг Си-Би-Эс Ньс каналига айтишича: "Акам ё келинимнинг бундай ишга қўл уришини ҳеч қачон тасаввур ҳам қилмаганман. Чунки улар бахтли турмуш кечиришаётганди, чиройли олти ойлик қизчаси бор эди".

Айтилишича, Фарукнинг дўстлари кам бўлган, Маликни эса оиласи "меҳрибон, мулойим" уй бекаси дея таърифламоқда.

Ташфин Малик Покистонда туғилган ва Саудия Арабистонида 20 йил яшаб, университетга кириш учун яна Покистонга қайтган.

АҚШ фуқароси бўлган Фарук у билан мусулмонларнинг учрашув вебсайтида танишган.

Жуфтлик сўнгра учрашиб, бир ҳафтани Саудия Арабистонида ўтказганлар ва бирга АҚШга қайтганлар.

Адвокатга кўра, Ташфин Малик жуда анъанадор бўлган, ниқоб кийиб юрган ва оиланинг эркак аъзолари билан мулоқот қилмаган.

Полицияга кўра, эр-хотин ҳужумда АҚШда қонуний йўллар билан сотиб олинган тўппончалар ва автоматик қуролларни ишлатганлар.

Ҳужум ортидан Ню Йорк Таймс газетаси қурол савдоси устидан назорат кучайтирилишини талаб қилиб ўзининг бош бетида муҳаррир мақоласини чоп этди.

"Америкаликлар сайлаган раҳбарлар қуролларнинг қурбонлари руҳига дуо қиладилар, кейин эса бағритошлик билан, оқибатини ўйлаб ўтирмасдан, қатлиомни амалга ошириш мумкин бўлган қуроллар устидан энг оддий назоратни ҳам ўрнатишдан бош тортадилар", дейилади мақолада.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio